Германия тараққиёти замирида қандай омиллар ётади?

01:56 03 Май 2023 Сиёсат
888 0

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Германия Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг таклифига биноан жорий йил 2-3 май кунлари ташриф билан ушбу мамлакатда бўлиши биз, ўзбекистонликларни чексиз қувонтирди. Чунки Европанинг ушбу ривожланган давлати билан ҳамкорлик янгиланаётган Ўзбекистон тараққиётида муҳим ўрин тутади.

Бу ҳақда фикр юритар эканмиз, юртдошларимизни Германия ўзи қандай давлат, унинг иқтисодий имкониятлари қай даражада? Немисларнинг ҳаёти қандай, қадриятлари нималар, деган саволлар туғилиши табиий.

Мазкур саволларга мухтасар жавоб бериш мушкул. Бинобарин, олмон диёри қадим тарихга ва ўзига хос ривожланиш йўлига эга. Бу ерда шаклланган қадриятлар бошқа халқларникига асло ўхшамайди.

Мамлакат иқтисодиёти ниҳоятда қудратли бўлиб, унинг бешта саноат сектори жаҳон бозорода ҳукмронлик қилади. Давлат савдо-саноат, муҳандислик ва фармацевтикадан тортиб, озиқ-овқатгача бўлган ушбу соҳаларда дунёда узоқ йилларда бери илдамликни қўлдан бой бермай келмоқда.

Германияда пул айланмаси энг юқори бўлган 5 та секторнинг йиллик ҳисоб-китоби: автомобиль саноати – 438,83 миллиард евро, машинасозлик – 256,88 миллиард евро, кимё-фармацевтика саноати – 198,27 миллиард евро, озиқ-овқат саноати – 185,3 миллиард евро, электротехника саноати – 181,6 миллиард еврони ташкил этишининг ўзи мамлакатнинг иқтисодий имкониятлари ҳақида кўп нарсани англатади.

Сифатли ва мукаммал маҳсулоти билан бутун дунёга машҳур бўлган Германия иқтисодиёт тармоқлари кўпинча импорт-экспорт сифат таҳлиллари ва мунозараларининг диққат марказида бўлади.

Савол туғилади, бу давлат қандай қилиб сифат стереотипига айланди?

Жавоб шуки, Германия бизнес жойи сифатида инвесторларга барқарорлик ва хавфсизликни таклиф этади. Энг йирик иқтисодий рейтингларда тўртинчи давлат сифатида Германия ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) 2019 йилда 3,449 миллиард еврони ташкил қилди. Иқтисодий ўсиш ҳам кўп нарсани айтади: мамлакат иқтисодиёти 2017 йилда 2,2 фоизга, 2018 йилда эса 1,5 фоизга ўсди.

Шунингдек, “бизнес жойлашуви” сўзининг тўлиқ маъносида ёндашсак, Германия импорт ва экспорт учун жаҳонга ўзини оптимал тарзда таклиф қила олади. Қитъанинг марказида жойлашгани, яхши ишлайдиган коммуникация инфратузилмаси, хавфсиз энергия таъминоти ва барқарор ривожланган йўл ва транспорт тармоқлари унинг бизнес оламида доминант бўлишига сабаб бўлмоқда.

Қолаверса, Германия дунёдаги энг йирик экспортчи давлатлардан биридир. 2018 йилда ушбу мамлакат Хитой ва АҚШдан кейин учинчи ўринни эгаллади. Бу борадаги ютуқларда, шубҳасиз, биринчи навбатда, Европа Иттифоқининг божсиз мақоми муҳим роль ўйнайди.

Чет эл инвестицияларининг қарийб 75 фоизи Европа Иттифоқидан келади. Германия инвестицияларининг қарийб 50 фоизи ЕИ ҳудудига киритилади. Экспортининг қарийб 60 фоизи иттифоқ давлатларига жўнатилади. Ушбу уч кетмакетлик синчковлик билан таҳлил қилинса, олмон диёрининг бақувват иқтисодий томирлари ҳақида билиб олиш мумкин.

Германия тадқиқот ва ишланмалар соҳасида ҳам дунёда илдамлик қилмоқда. 2018 йилда статистикага олинган 67 895 та патент билан Германия бу соҳада жаҳон етакчиларидан бири ҳисобланади.

Саккиз йилдан буён Олмонияда муҳожир бўлиб яшамоқдаман. Бу ерда инсоннинг фаровон яшаши учун барча шарт-шароит ҳозирланган десам, адашмайман. “Made in Germany” ибораси бутун дунёда кучли сифат ҳақида белги бериб келган бўлса, бугунга келиб халқаро сиёсатчи ва экспертлар ушбу давлат номига “Ҳаёт суғурталанган мамлакат” ёки “Ижтимоий давлат” деб ҳам нисбат беришмоқда. Негаки, ҳақиқатдан ҳам инсон бу диёрда бошига қандай кун тушишидан қатъи назар ҳимоясиз қолмайди. Бутун умрлик соғлиқ суғуртаси туфайли инсонларга ари чақиб олиши шикоятидан тортиб юрак трансплантациясига қадар бепул тиббий хизмат амалга оширилади. Бунинг учун ўртача ҳисобда ойликнинг 14,6 фоизидан соғлиқ суғуртаси учун мажбурий тўлов қиласиз. Фарзандлар кўплиги, оиланинг катталиги маблағ ҳажмини камайтиради.

Ишсизлар-чи? Ишсизлик пулидан ажратилади. Ишсиз қолсангиз, ишсизлик пули ва квартира харажатлари “Иш агентураси” томонидан қопланади. Ва ушбу ташкилот сизнинг иш йўқотиш сабабларингизни ўрганиб, турли курсларга ўқитиб, қайта янги ишга қайтаради. Ногиронлиги бўлган шахслар учун эса жуда ҳам кўп давлат кўмаклари мавжуд. Ота-она ҳар бир фарзанди 18 ёшга тўлгунича болалар пули олади, агар уларда ногирон бола бўлса, қўшимча тўловлар, ота ёки она ўз фарзандига раҳнамолик қилгани учун чақалоқ 2 ёшу 8 ойлик бўлгунча ота-оналик пуллари берилади.

Шунингдек, давлат олий ўқув юртлари бепул, контракт тўловисиз. Жуда ҳам кам семестер тўлови бор, бу катта шаҳарда ижарада яшовчи талабанинг ярим ойлик ижара пулига тенг. Айтганча, талабалик стипендияси ҳам деярли йўқ. Аммо танлов билан бўладиган баъзи стипендиялар мавжуд.

Энг катта ўрнак олгулик олмон лойиҳалари сифатида мени қойил қолдирган икки жабҳани тилга олмоқчиман. Биринчиси, касбий ўқув юртлари (бизнинг коллежлардек) амалиёт билан назарияни бирга олиб боради. Яъни сиз, масалан, стомотолог ҳамшира бўлмоқчи бўлсангиз, бир фирмада стомотологлар билан чамаси 3 йил давомида гўё асистентдек ишлайсиз ва семестернинг баъзи кунларида назарий билимлар учун ўқув даргоҳига қатнайсиз. Бу иш берувчи учун уч йиллик арзон ишчи ҳамда янги кадрни тарбиялаш имконини берса, талаба учун назария ва амалиёт уйғунлигига эришиш ҳамда аниқ иш ўрнига эга бўлиши учун шароит яратади.

Иккинчиси, “Кўнгилли, эркин хизмат”. Немис халқининг олижаноб, меҳрибон эканидан давлати жуда ақлли “фойдаланади” десак, хато бўлмайди. Деярли ҳамма соҳада, айниқса, ижтимоий хизмат жабҳаларида кўнгилли хизмат дастурлари ташкил қилинган. Истаган инсон ўзи истаган ташкилот билан келишиб, ойига ёки ҳафтасига келишувда белгиланган соат ва кунларда кўнгилли хизмат қилади. Эвазига ҳеч қандай маош олмайди. Чет элликлар ёки ёш ташаббускорлар учун бир озгина “чўнтак пули” берилади, холос. Статистикага мурожаат этсак, 2019 йил натижаларига кўра, Германиядаги кўнгилли ишчилар улуши 2014 йилдан бери барқарор ва доимий равишда юқори бўлиб келмоқда. Яъни 14 ёшдан бошлаб хизмат қилувчилар аҳолининг 39,7 фоизини ташкил этади. 2019 йилда Германиядаги 28,8 миллионга яқин одам бўш вақтларида кўнгилли тарзда хизмат қилишади. Сўнгги 20 йил ичида кўнгиллилар улуши ошиб бормоқда.

Масалан, киши шанба куни 3-4 соатга қариялар уйида ёки ишдан сўнг кечки болалар спорт клубларида, завод, дала, маданий марказда, хуллас, ўзи хоҳлаган муассасада хизмат қилиши мумкин. Немислар бунга гўё “ҳобби”дек ёки инсонпарварлик учун кичик улушдек қарашади. Бир IT-фирмаси раҳбарининг бўш вақтида маълум вақт қулупнай даласида меҳнат қилса, ўзини тоза ҳаво терапиясига боргандек ҳис этиши ҳақидаги интервьюсини кўргандим.

Ушбу икки жабҳа биргина менинг эътирофимгина эмас, бутун дунё Германия тараққиётини таҳлил қилганда, позитив тилга оладиган ибратли лойиҳалардир.

Немис халқига келсак, улар ишни севувчи, ҳар бир масалага “Pro-Contra” (ижобий, салбий) жиҳат билан баҳо берувчи, мукаммалликни юксак қадрловчи, меҳнаткаш, ҳалол инсонлардир. Бу мамлакатда қишлоқлик ва шаҳарлик ўртасида фарқ йўқ, аммо маънавий қолоқлик ва ривожланганлик ўртасидагина катта тафовут бор. Қолаверса, табақаланишни ҳам 8 йиллик ҳаётий тажрибамдан ҳали сезмадим.

Турмуш ўртоғим Германияда магистратурани тамомлаб, IT лойиҳа менежери бўлиб ишлаяпти, 3 фарзандимиз шу ерда кетма-кет дунёга келгани сабаб, мен оналик таътилидаман. Бу ерда Ўзбекистонда олган билимларимни янада мустаҳкамлаш учун магистратурада ўқиш ниятидаман.

Мен ва оилам ушбу мамлакатдан миннатдормиз.

Маърифат НУРМАТОВА

Ҳамбург. Германия

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер