Германия ҳукумати бир ҳафта ичида Украинага қанча ҳарбий техника етказиб берганини маълум қилди

17:40 14 Ноябрь 2023 Дунё
154 0

Фото: AP

Германия бир ҳафта ичида Украинага ўнта “Leopard” танки ва 30 дан ортиқ техника етказиб берди.

Германия ҳукумати Украинага ҳарбий техника кўринишида етказиладиган ёрдамлар рўйхатини янгилади. Рўйхат Германия ҳукумати расмий сайтида келтирилган.

Унга кўра, бир ҳафта ичида Германия Украина Қуролли кучларига ўнта “Leopard 1 A5” танки, 14 та “Bandvagn 206” йўл танламас транспорти, ярадорларни эвакуация қилиш учун бешта “Warthog” йўл танламас транспорти, учта зирҳли техника, тўртта HX81 (тиркамалари билан) транспорти, 16 та “Zetros”, 13 та “MAN TGS” юк машиналари, 1,4 миллион дона ўқ-дорилар етказиб берган.

Шунингдек, Украинага миналардан тозалаш учун зирҳли транспорт воситалари, разведка учун ўнта “Vektor” дронлари, кузатиш учун радиолокацион станциялар, ярим тиркамали техникалар, юк машиналари, шунингдек, НАТОнинг 155 мм калибрли ўқ-дорилари етказиб берилди. Бундан ташқари, украиналик ҳарбийларга 10 мингта тактик кўзойнак топширилди.

Бунгача Германиянинг “Rheinmetall” мудофаа концерни 2024 йилда Украинага қайта тикланган 25 та “Leopard 1A5” танкини етказиб бериши маълум бўлган эди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?