Географик объектларга ном берилишидаги муаммолар ва Навоий вилоятида олиб борилган ўрганиш натижалари муҳокама қилинди

12:39 05 Октябр 2022 Сиёсат
868 0

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Жорий йил 5 октябрь куни Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди.

Унда Сенат аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари доимий комиссиялар раислари, Қўмита ҳузуридаги экспертлар гуруҳи аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Мажлисда Сенатнинг ўттиз учинчи ялпи мажлисида муҳокама қилиниши назарда тутилган масалалар, хусусан, «Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун дастлабки тарзда кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, мазкур Қонун жамоатчиликнинг таклиф ва фикр-мулоҳазалари инобатга олинган ҳолда ишлаб чиқилган. Бугунги кунда Ўзбекистон ёки жаҳон тарихида чуқур из қолдирган шахслар, шу жумладан жамоат ва давлат арбобларининг хотирасини абадийлаштириш мақсадида уларнинг номини географик объектларга бериш билан боғлиқ масалалар қонунчиликда аниқ тартибга солинмаганлиги сабабли амалиётда географик объектларга (кўча, маҳалла, майдон, боғ ва аҳоли пунктларининг бошқа таркибий қисмлари) шахс номини беришда турли муаммолар юзага келмоқда.

Бундан ташқари, «Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги Қонунда географик объектларга ном беришда маҳаллий аҳолининг фикрини ҳисобга олиш белгиланган. Бироқ амалдаги қонунчиликда аҳолининг фикрини ҳисобга олиш
тартиби очиб берилмаган. Шунингдек, аҳоли пунктларининг таркибий қисмларига (маҳаллалар, шоҳкўчалар, кўчалар, майдонлар, боғлар, хиёбонларга) Ўзбекистон ва жаҳон тарихида чуқур из қолдирган шахсларнинг исми-шарифини бериш тартиби аниқ белгиланмаган.

Шунингдек, амалдаги қонунчиликда бундай шахсларни аниқлашнинг мезонлари назарда тутилмаган ҳамда шахслар исми-шарифини номи мавжуд географик объектларга беришга аниқ талаблар назарда тутилмаган. Ушбу ҳолатлар географик объектларнинг номлари қайта-қайта ўзгартирилишига сабаб бўлмоқда.

Қонунга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар юқорида қайд этилган муаммоларни бартараф этишга қаратилган.

Шунингдек, Қўмита мажлисида “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Қонуннинг ер қаъри участкаларида олтин изловчилар усулида қимматбаҳо металларни қазиб олишга оид қисмининг Навоий вилоятида ижро этилиши ҳолатини ўрганиш якунлари муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан жорий йил 20-21 сентябрь кунлари мазкур Қонуннинг ер қаъри участкаларида олтин изловчилар усулида қимматбаҳо металларни қазиб олишга оид қисмининг Навоий вилоятида ижро этилиши ҳолати ўрганилди. Натижада ер қаъри участкаларида олтин изловчилар усулида қимматбаҳо металларни юридик ва жисмоний шахслар томонидан қазиб олишда одамлар хавфсизлигини таъминлашга етарли эътибор қаратилмаётгани, амалдаги қонунчилик нормалари ижросини бажариш билан боғлиқ кўплаб муаммолар мавжудлиги аниқланди.

Жумладан, бу борадаги ишларни қонуний тарзда олиб бориш афзалликлари юзасидан тегишли ваколатли органлар томонидан тарғибот ишлари суст олиб борилмоқда. Қазиш ишлари учун лицензия олишда турли бюрократик тўсиқлар мавжуд. Оқибатда ноқонуний қазиб олиш ҳолатлари йилдан-йилга кўпайиб бормоқда.

Хусусан, фақатгина Навоий вилоятида олтин ва қимматбаҳо металларни ноқонуний қазиб олиш ҳолатлари юзасидан 2017 йилда 16 та маъмурий иш қўзғатилган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 204 тани ташкил қилган.

Энг ачинарлиси, Навоий вилоятидаги очиқ майдонларда қазиш ишлари жараёнида хавфсизлик талабларига риоя этилмаганлиги сабабли 2021 йилнинг ўзида қарийб 10 нафардан ортиқ фуқаро ис газидан заҳарланиши ёки қум ва тош босиб қолиши оқибатида вафот этган.

Шунингдек, амалдаги қонунчиликда қўриқланмайдиган очиқ майдонларда қимматбаҳо металл ва тошларни талон-торож қилганлик учун жавобгарлик белгиланмаган.

Бундан ташқари, Жиноят кодексининг 190-моддаси бешинчи қисмида олтин ва қимматбаҳо металларни қазиб олишда лицензиясиз фаолият билан шуғулланиш жуда кўп миқдорда даромад олиш билан боғлиқ бўлса, жиноий жавобгарликка тортилишга сабаб бўлиши кўрсатилган.

Бироқ таҳлиллар шуни кўрсатдики, амалиётда мазкур модданинг ушбу қисми билан мамлакат бўйича биронта жиноят иши судда кўрилмаган.

Шу билан бирга таркибида олтин ва қимматбаҳо металлар бўлган рудаларни ноқонуний қазиш билан шуғулланувчи шахсларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 702-моддаси билан қўлланиладиган жарима миқдорининг кам белгилангани ҳам мазкур йўналишдаги қонунбузилиш ҳолатлари шахслар томонидан такрор-такрор содир этилишига сабаб бўлмоқда.

Шунингдек, вилоятда тугатилган ва вақтинча тугатилган ташландиқ кон ва шахталарнинг аниқ ҳисоби мавжуд эмас.

Бундан ташқари, Навоий кон-металлургия комбинати томонидан захирага олинган шахта ва карьерлар атрофи ўраб олиниб, қўриқланиши таъминланмаган.

Ҳудудий ҳокимликлар қайд этилган йўналишда ўз ваколатларини лозим даражада амалга оширмаяпти, жумладан, улар томонидан тегишли назорат ишлари суст олиб борилмоқда.

Ўрганиш жараёнида аниқланган муаммолар фуқароларимиз ҳаёти ва хавфсизлигини таъминлаш учун ўта долзарб эканлигини инобатга олиб, мазкур масалани Сенат ялпи мажлиси муҳокамасига киритиш учун Қўмита томонидан парламент сўрови лойиҳасини тайёрлаш таклифи илгари сурилди.

Муҳокамалар сўнггида Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер