«Гендер тенглик фаоли» миллий танлови тақдимоти бўлиб ўтди

18:34 04 Ноябрь 2020 Сиёсат
289 0

2020 йилнинг 4 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси томонидан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилаётган «Гендер тенглик фаоли» миллий танловининг тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда юқори палата ахборот хизмати хабар берди.

Унда Комиссия, вазирлик ва идоралар, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда журналистлар иштирок этдилар.

Таъкидланганидек, гендер тенглиги – хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқий мақоми бўлиб, ҳар бир инсонга сиёсий, иқтисодий, ижтимоий соҳаларда ўз қобилиятларини тўла-тўкис намоён этиш имконини беради. Шу жиҳатдан тадбир иштирокчилари гендер тенгликни таъминлаш жамиятнинг барча йўналишлардаги тараққиётига хизмат қилишини алоҳида таъкидладилар. «Гендер тенглик фаоли» миллий танлови ҳам аввало шу мақсадларга хизмат қилиши айтиб ўтилди. Қолаверса, танлов мамлакатимизда бу йўналишда амалга оширилаётган ишларни кенг ёритишга ҳам қаратилган.

Анъанавий тарзда ўтказилиши режалаштирилган танловда ҳар жорий йил якунлари бўйича гендер тенгликни таъминлаш соҳасида юқори натижаларга эришган, бу борада жамият ривожи учун ташаббус кўрсатаётган, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ўз соҳасига тегишли йўналишларда долзарб вазифаларни амалга ошираётган вазирликлар, идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва журналистлар иштирок этади. Танлов бир қанча асосий номинациялар бўйича ўтказилади. «Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол вазирлик/давлат муассасаси ташкилот ва идоралар»; «Хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилган энг яхши ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи»; «Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол ҳокимлик»; «Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол ННТ»; «Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол тадбиркорлик фаолияти субъекти» каби йўналишлар шулар жумласидан.

Шунингдек, “Гендер тенгликни тарғиб қилишга қаратилган энг яхши TV-дастур”; «Гендер тенгликни тарғиб қилишга қаратилган Интернетдаги энг яхши веб-сайт ёки портал»; «Гендер тенгликни тарғиб қилишга қаратилган энг яхши нашр» каби қўшимча номинацияларда ҳам совриндорлар аниқланди. Мазкур миллий танлов гендер тенгликни таъминлаш йўналишида давлат ва нодавлат ташкилотлари томонидан амалга оширилган ишларнинг ижтимоий аҳамияти, татбиқ этилган лойиҳаларнинг давомийлиги, вазирлик, ташкилот, идоранинг расмий веб-сайтида гендер тенглиги саҳифасининг мавжудлиги каби мезонлар асосида ўтказилади. Ғолиблар нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан декабрь ойида аниқланади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?