Гендер тенглик: Аёл қачон ҳаётдан рози бўлади?

15:03 13 Ноябрь 2020 Жамият
285 0

Намангандаги «Ёшлар маркази»да гендер тенгликни таъминлаш масалаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда вилоятдаги Бандлик ва меҳнат муносабатлари, соғлиқни сақлаш, халқ таълими, ички ишлар бошқармалари, ОАВ вакиллари иштирок этдилар. Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бошқармаси бошлиғи Мусахон Оппоқов мамлакатимизда, шунингдек, вилоятда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқларни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот берди.

— Кейинги пайтларда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш орқали уларнинг жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, — деди М. Оппоқов. — Бу улар бандлигини таъминлаш, давлат ва жамоат ишлари, жумладан, раҳбарлик вазифаларига фаол жалб этишда яққол кўринади. Масалан, Наманганда кейинги икки-уч йилнинг ўзида нозик жинс вакилларининг 1583 нафари бошқарув ишларига ўтказилди. Бунга, мисол учун ички ишлар соҳасини мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Яқин вақтгача фақатгина эркакларнинг ўрни дея ҳисоблаб келинган мазкур идорада бу масалага кўпроқ аҳамият қаратилаётгани, бугунги кунда улар орасида тўрт нафар раҳбар, 16 нафар хотин-қизлар билан ишлаш бўйича инспекторлари махсус кийим бошда фаолият кўрсатаётгани қувончлидир. Тўрақўрғонда ҳокимлик вазифасининг уддасидан чиқаётган Зулайҳо Маҳкамованинг ташаббускорлиги ҳам барчага ибрат. Ўз бизнесига эга минглаб тадбиркор аёлларимизга кўпчиликнинг ҳаваси келади.

Аёл киши қачон ҳаётдан рози бўлади. Бунинг учун кўп нарса керак эмас, энг муҳими оиласи тинч, фарзандлари бахтиёр, ўзига ёққан касби, доимий иш жойи бўлса кифоя. Шундан келиб чиқиб, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш вилоятда устувор вазифалардан бирига айланган. Биргина жорий йилнинг ўтган ўн ойи ичида уларнинг 52 минг нафардан кўпроғи ижтимоий фойдали меҳнат ўринларига эга бўлди. Гендер тенгликка эришишнинг бошқа йўналишларидаги саъй-ҳаракатларда ҳам натижадорликка эришилмоқда.Ёки ўз бизнесини йўлга қўйиш, тураржойга эга бўлиш масаласида қийналиб юрган қизлар ва аёлларга кўрсатилаётган ёрдам оилаларга олам-олам қувонч олиб кираётганини айтайлик. Кейинги уч йил давомида уй-жойга муҳтож аёлларнинг 255 тасига ажратилган замонавий хонадонларнинг бошланғич тўлови давлат томонидан қоплаб берилди. Тадбиркорликнинг оилавий ва бошқа турларини йўлга қўйиш истагидаги фуқароларнинг бизнес лойиҳалари ижроси учун ўтган ўн ой ичида 62,2 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилди.

Маълумки, мамлакатимизда «Хотин –қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида» алоҳида қонун қабул қилинган. Унинг талабларига мувофиқ тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордери беришнинг ташкил этилиши айни муддао бўлди. Мазкур йўналишдаги Низомга кўра, бу борадаги мурожаатлар ижросини таъминлаш ва мониторинги йўлга қўйилган. Маълумотларга қараганда, Наманганда жорий йилнинг ўтган даврида ички ишлар идораларига шу мазмунда 294 та мурожаат келиб тушган. 8 та руҳий, 96 та жисмоний тажовуз, 189 та тазйиқ кўрсатилиши билан боғлиқ мурожаат муаллифларининг барчасига ҳимоя ордери тақдим этилиб, уларнинг тинч, хотиржам ҳаёт кечиришларига замин яратилди.

Хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, улар ижтимоий ҳимоясини кафолатлаш бўйича қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинишига қарамасдан нозик жинс вакиллари билан боғлиқ салбий кўринишлар ҳам кўзга ташланаётгани анжуманда афсус билан қайд этиб ўтилди. Масалан, жойларда аёллар жиноятчилиги ортиб бораётгани кишини ташвишга солади. Буни, жумладан, айни йўналишдаги кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 51 тага ортганида яққол кўриш мумкин.Одоб-ахлоқда атрофдагиларга намуна бўлиш ўрнига фирибгарлик, ўғирлик, қўшмачилик, ҳатто, қотилликка кўл ураётган опа-сингилларимиз қилмиши барчамиз учун уят эмасми? Бундан ташқари ўқиш, меҳнат қилиш имкониятларидан фойдаланиш ўрнига иродасизлиги туфайли ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг ҳамон қайд этилаётганлигига қандай баҳо бериш мумкин.

Вилоят ҳокимининг анжуманда иштирок этган хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Ирода Қўчқорова иштирокчиларни гендер тенгликни таъминлаш борасида яқин келгусида амалга оширилиши кўзда тутилган режалар билан таништирди ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерларнинг саволларига жавоб қайтарди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?