Гаждумакликлар 10 йил олдин нимани орзу қилишганди?

10:10 03 Июнь 2020 Жамият
1054 0

Бухорода 262 минг донадан зиёд «ақлли» газ ҳисоблагичлар ўрнатилади. Маълум сабабларга кўра, табиий газдан узилган Гаждумак қишлоғи аҳолиси буни ўн йил муқаддам орзу қилганди. 

Гапни Ғиждувон туманидаги Гаждумак аҳоли пунктидан бошлай қолайлик. Аҳоли кўп ва тиғиз яшаётган бу гўша ҳамда унинг ён- атрофидаги қишлоқларда бир пайтлар яхши ниятлар билан табиий газ таъминоти йўлга қўйилганди. Лекин орадан бир неча йил ўтиб, таъминотда узилишлар рўй бера бошлади, газ босимининг пастлиги одатий ҳолга айланди. Хусусан, қишки мавсумда одамлар қийналиб қолишди.

Одамлар турли идораю ҳокимликка дарду ҳол қилишди. Аммо қилинган мурожаатлар сувга тушган тошдек изсиз кетди. Ажабланарлиси,аҳоли тилида «газ идораси» деб аталадиган ташкилотдан келаётган «Фалон сўм қарздорсиз» деган иддаоларнинг охири кўринмасди. Охир-оқибат аҳолининг ўзи йўлини топди.Газ қувурини асосий трассадан узиб қўя қолди. Масалан, Оқгул қишлоғидагилар шундай қилишди. Ахир, ким емаган сомсасига ҳақ тўлайди? Бу гапларга ҳам чамаси ўн йил бўлдиёв.

Шундан сўнг вилоятдаги кўплаб қишлоқлар қатори Гаждумак аҳолисини ҳам суюлтирилган баллонли газ билан таъминлаш йўлга қўйилди.

Энди эса асосий мавзуга ўтамиз. Куни кеча Бухоро вилоятида табиий газни назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этишга киришилди. Хонадонларга «Ҳудудгаз Бухоро» масъулияти чекланган жамияти томонидан «ақлли» газ ҳисоблагичлар ўрнатиляпти. Мутахассислар фикрича, бугунги кунга қадар истеъмолчилар томонидан фойдаланиб келинаётган газ ҳисоблагич ускуналарининг аксар қисми 10 йилдан ортиқ вақт мобайнида фойдаланилаётган бўлиб, қиёсловдан ўтказиш чоғида деярли ҳар иккинчи ҳисоблагич қайта тўлиқ таъмирлаш ёки махсус техник хизмат кўрсатиш заруриятини пайдо қиляпти. Ҳатто баъзилари тиклаб бўлмас ҳолда эканлиги ойдинлашмоқда.

Мазкур жамият ахборот хизматидан мухбиримизга хабар беришларича, бу ишлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 июлдаги «Аҳоли ва иқтисодиётни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, нефть-газ тармоғини молиявий соғломлаштириш ва унинг бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида амалга оширилмоқда. Янги тизим табиий газни тўлиқ, аниқ ва ишончли ҳисобга олади. Газ таъминотидаги йўқотишлар камаяди. ”Зангори олов”дан ноқонунй фойдаланиш ҳолатлари тўғрисида таъминотчини мунтазам тарзда хабардор қилиб боради. ”Ақлли” ҳисоблагич истеъмолчиларга сим-карта ўрнатилган ҳолда фойдаланишга топширилади. Маълумотларни реал вақт режимида марказга юборади. Агар тўлови тугаб қолса, ўз-ўзидан ўчиб қолади. Истеъмолчи уйидан чиқмаган ҳолда тўловни амалга ошириши мумкин. Муҳими, у қарздорлик масаласига узил-кесил нуқта қўяди.
 

Бу маълумотлар билан танишарканмиз, беихтиёр яна Гаждумак аҳоли пунктида яшовчилар ёдимизга келади. Гап шундаки, суюлтирилган газ табиий газ ўрнини ҳеч қачон босолмайди. Баллонли газ овқат пишириш, чой қайнатишга мўлжалланган. Шу боисдан ҳавонинг салқин, совуқ кунларида уйларни иситиш энг катта муаммога айланмоқда. ”Буржуйка” печь ёқиш учун кўмир, ўтин ғамлаш керак. Ҳатто қиш ғамида ёз бўйи таппи, тезак қуритадиган хонадонлар бор. Аммо печдан чиққан тутун уйни таъмирталаб ҳолга туширади. Соғликка ҳам зарарли. Хуллас, турган-битгани харажат, ташвиш. Агар бундан ўн йилча муқаддам «ақлли» ҳисоблагич деганлари ҳаётимизга кириб келганида гаждумакликлар табиий газдан мосуво бўлишмасмиди, деб ўйланиб қоласан, киши.

Дарвоқе, Бухоро вилояти бўйича жами 262 мингтадан зиёдроқ «ақлли» ҳисоблагич ўрнатилиши белгиланган.

Истам ИБРОҲИМОВ,

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?