Ғаллаоролда узумчилик кластерлари ташкил этилмоқда

12:03 18 Октябр 2021 Жамият
221 0

Фото: Толибжон Эргашев / Халқ сўзи

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 28 июлда қабул қилинган “Узумчиликни ривожлантиришда кластер тизимини жорий этиш, соҳага илғор технологияларни жалб қилишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда узум етиштириш, уни қайта ишлаш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича замонавий тизимини йўлга қўйишда, соҳанинг экспорт салоҳиятини кучайтириш ва инвестицион жозибадорлигини оширишда муҳим дастуриламал бўлмоқда. Ушбу ҳужжатга кўра 2021-2024 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлардаги ихтисослашган туманларда узум плантацияларининг ташкил этилиши белгиланган вазифалар ижросини изчил ва жадал таъминлашга хизмат қилиши шубҳасиз.

Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани ҳам узумчиликка ихтисослашган туманлардан саналади. Бу ерда мазкур йўналишда 2021-2022 йилларда лойиҳа қиймати 208,3 миллиард сўм бўлган 18 та кластер ва кооперацияни ташкил этиш кўзда тутилмоқда. Тумандаги мавжуд 29 400 та хонадоннинг 12 минг 545 тасида янги узумзорлар барпо этилиши эса аҳолининг барқарор даромад манбаига эга бўлишида муҳим ўрин тутади.

- Биз, фермерларга лалми узумчиликни ривожлантириш учун энг қулай майдонлардан 15 гектар ер ажратиб берилгани айни муддао бўлди, - дейди тумандаги “Бўриев агростар” фермер хўжалиги раҳбари Абдураззоқ Бўриев. – Галдаги вазифамиз ҳудудимизга мос узум навларини танлаб олиб, уларни халқимизнинг узоқ йиллик тажрибасига таянган ҳолда парваришлаш, миллий брендимизни яратиш ва экспортга кўпроқ узум чиқаришдан иборат.

Туманда янги ташкил этилаётган узумчилик кластерлари фаолиятига бағишлаб амалий семинар ўтказилди. Унда инновацион усулларда ҳосилни кўпайтириш йўллари, янги экилган кўчатларни парваришлаш, узумнинг данаксиз навларини етиштириш бўйича фермерларга атрофлича тушунчалар берилди.

Толибжон ЭРГАШЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?