Ғалаба боғи: ташаббускори ва меъмори

23:23 08 Май 2021 Жамият
614 0

Иккинчи жаҳон урушида жасорат кўрсатган ва ўша машаққатли даврда фронт ортида оғир меҳнати билан метин матонатини намойиш этган ота-боболаримиз 76 йилдан буён бизга ҳаётнинг оддий, аммо пурҳикмат бир ҳақиқатини англатиб, ҳамиша эзгу дуолар қилиб келади. Яъни «Ҳар нарсага чидаш мумкин, фақат уруш бўлмасин! Урушни биз кўрдик, сизлар кўрманг, илоҳим».

Уруш кўрган ўша авлод вакиллари яна дейдиларки, «бошингга қилич келса ҳам, рост гапир. Ҳеч қачон бўлинманг, бўлинганни бўри ер. Бирга бўлсангиз, ҳеч ким сизларни енга олмайди. Урушда нимага ғалаба қилдик, чунки барча халқлар миллатидан қатъи назар, бирлашган эдик, ҳатто бир майизни ҳам бўлиб ердик. Бугун эса шу тинч ҳаётни асрашимиз керак. Қийинчиликдан ҳеч қачон қўрқиш керак эмас, уни мардонавор енгиш керак. Ўшанда бошқаларга ҳам фойдангиз тегади, ўзингизни ҳурмат қила оласиз. Бу энг керакли фазилат».

Ғалаба боғи — Янги Ўзбекистоннинг инъикоси

Тошкент шаҳрида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуаси ана шу ўзбекона фалсафа, таъбир жоиз бўлса, халқона сиёсатнинг амалдаги ёрқин натижасидир. Бундай бунёдкорона ёндашув Янги Ўзбекистоннинг шиддатли ислоҳотларига хос муҳим хусусият ҳамдир.

Биринчидан. Халқимизнинг ­Иккинчи жаҳон уруши даврида қонли жанггоҳларда ва фронт ортида кўрсатган қаҳрамонлиги шу қадар юксакки, фашистларга қарши бу урушда қозонилган буюк Ғалабани Ўзбекистонсиз, ўзбек халқисиз асло тасаввур қилиб бўлмайди.

Иккинчидан. Тошкент шаҳрида муҳташам Ғалаба боғи барпо этилиши замирида Ўзбекистон халқининг жанг майдонларида ҳамда фронт ортида кўрсатган беқиёс жасорати ва матонатини тарих саҳифаларига муҳрлаш, ёш авлодни Ватанга ­муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш мақсади мужассам. Бундай улуғвор эзгу мақсадни рўёбга чиқариш учун айнан Президентимиз Ғалаба боғи ғояси ва фалсафасининг ташаббускори, муаллифи ҳамда бош бунёдкори бўлиб майдонга чиққани таҳсинга сазовор.

Учинчидан. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, «бу бетакрор мажмуа қаҳрамон халқимизга муносиб бўлиб, ҳам меъморий жиҳатдан, ҳам тарихий-маънавий жиҳатдан ғоят ноёб ва маҳобатли обида бўлиб қад ростлади». Ушбу таърифда Ғалаба боғининг «бетакрор» ва «ғоят ноёб» дея эътироф этилгани бежиз эмас.

Чунки камина ҳам дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатида шу мавзуда ташкил этилган боғ ва музейларнинг бир қанчасини ўз кўзи билан кўрган, бошқалари билан эса Интернет орқали атрофлича танишган ҳолда, мазкур эътирофнинг моҳиятини чуқур ҳис қилмоқдаман. Янги Ўзбекистоннинг Ғалаба боғи Россия, Беларус, Украина, Австрия, Полша, АҚШ, Исроил каби бир нечта давлатдаги улкан мемориал мажмуаларга мутлақо ўхшамайди.

Тўртинчидан. Янги Ўзбекистоннинг Ғалаба боғи билан ана шу хорижий давлатлар мемориал ­мажмуалари ўртасидаги энг муҳим ва асосий фарқ шундаки, хорижий мамлакатларнинг бирортасидаги мемориал мажмуада ўзбек халқининг Иккинчи жаҳон уруши жанггоҳларидаги жасорати ва фронт ортидаги матонати Тошкентда яхлит мажмуа тарзида бунёд этилган Ғалаба боғидаги сингари кенг кўламда, ҳаққоний ва адолатли равишда кўрсатиб берилмаган.

Бу — Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган неча минглаб ватандошларимиз хотирасини ёд этиш, оловли жанглардан омон қайтган боболаримизга, оғир кунларни сабр-бардош билан енгган, машаққатли дамларда ҳам ўзлигини асло йўқотмаган, имони бутун юртдошларимизга ҳурмат-эҳтиром ва эъзоз кўрсатиш Ўзбекистонда олий даражадаги миллий қадриятга ва давлат сиёсатига айланганининг ўзига хос ифодасидир.

Ғалаба боғининг яратилиш тарихига назар

Ўзбекистон халқи Иккинчи жаҳон урушида Буюк Ғалабани таъминлашга, ҳеч шубҳасиз, улкан ҳисса қўшган. Лекин бу тенги йўқ жасоратнинг бор кўлами ва улуғворлигини кўрсатиб берадиган яхлит мажмуа йўқ эди. Илк бор 2019 йил 9 май куни Президентимиз улкан боғ барпо этиб, халқимиз қаҳрамонлигини абадийлаштириш ташаббусини илгари сурди ва бу борада изчиллик кўрсатди.

Биринчидан. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, «Албатта, бу боғ ва унинг таркибида бунёд этиладиган «Шон-шараф» музейини энг гўзал ва пухта ишланган лойиҳалар асосида яратамиз. Аммо бу муҳташам ёдгорлик мажмуасининг маъно-мазмуни, музей экспозициясини шакллантиришда биз муҳтарам фахрийларимиз, тарихчи олимларимиз, ижодкор зиёлиларимиз, кенг жамоатчиликнинг фикр-мулоҳазалари, таклиф ва тавсияларига таянамиз».

Иккинчидан. Ғалаба боғининг бош ғояси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Биз барчамиз, аввало, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимиз фашизм балосига қарши курашда жасур аждодларимиз, кўпмиллатли Ўзбекистон халқи кўрсатган мардлик ва матонатни асло ёдидан чиқармаслиги керак», деган сўзларида ўзининг яққол ифодасини топган.

Учинчидан. Ғалаба боғи концепцияси давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 23 октябрда қабул қилинган «Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини муносиб нишонлаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ тасдиқланди.

Тўртинчидан. «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуасининг бадиий-меъморий концепциясини тайёрлашда Президентимизнинг 2017-2019 йилларда қабул қилинган Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорлари талабидан ҳам келиб чиқилди. Бунда давлатимиз раҳбарининг Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ўтказилган тантанали маросимлардаги маърузаларида билдирган ғоя ва фикрларига таянилди.

Концепцияни ишлаб чиқишда етакчи музейлар ва маданият муассасалари, тегишли вазирлик ва ташкилотлар, кенг илмий-ижодий жамоатчиликдан келиб тушган амалий таклиф ва тавсиялардан ҳам фойдаланилди. Бундан ташқари, бир қатор хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибаси, уларда шу йўналишда барпо этилган боғ ва хиёбонлар, монументлар, мемориал мажмуалар ижодий ўрганиб чиқилди.

Ғалаба боғи концепциясини амалга оширишда қуйидаги омилларга:

— Ғалаба боғи моҳият эътибори билан халқимизнинг уруш йилларида кўрсатган мардлиги ва матонати, юксак инсоний фазилатлари, қаҳрамон аждодларимизнинг номлари, шонли анъана ва қадриятларини абадийлаштириш;

— юртимизда инсон хотираси азиз ва муқаддас, қадри улуғ эканини таъкидлаш;

— ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашга қаратилганини эътиборга олиб, ушбу ғояни таъсирчан бадиий-монументал усуллар, инновацион ечимлар асосида ифода этишга алоҳида аҳамият берилди.

Давлатимиз раҳбари бу борадаги лойиҳалар билан бир неча бор атрофлича танишди. Мажмуанинг мураккаб композициясидан тортиб, ҳатто унинг тарихидаги кичик деталларгача Президентимизнинг синчков нигоҳидан ўтди, бойитилди.

Бошқача айтганда, ўша суронли йиллар манзарасини очиб беришга хизмат қилувчи ҳолат ва жараёнларни ёрқин акс эттирадиган ўзига хос меъморий ансамбль яратилди. Шундан сўнг Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида 14,7 гектар жой ажратилиб, улкан қурилиш-ободонлаштириш ишлари қисқа вақт ичида амалга оширилди.

Бу улкан тарихий мажмуани, айниқса, пандемия сабабли жорий этилган карантин шароитида якунлаш осон бўлгани йўқ. Лекин барча қийинчиликларга қарамасдан, моҳир қурувчи ва меъморлар, муҳандислар, турли соҳа мутахассислари, рассом ва ҳайкалтарошлар, азамат ёшларимиз бу вазифани ўзлари учун савобли иш деб билиб, туну кун фидокорона меҳнат қилди.

Шу тариқа азим пойтахтимизда 2020 йил 9 май — Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини нишонлаш доирасида Ғалаба боғининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Айни кунларда «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуаси очилганига роппа-роса бир йил тўлди.

Ғалаба боғи — ноёб ёдгорлик мажмуаси

Ғалаба боғининг умумий кўриниши, меъморий тузилиши миллий анъаналаримизга мос бўлиб, мемориал ёдгорликлар яратиш бўйича жаҳоннинг қатор давлатлари тажрибасини ўзида мужассам этгани билан алоҳида ажралиб туради. Ғалаба боғи тарихий-бадиий ёдгорлик иншооти сифатида ўз кўлами, фалсафий ёндашуви ва меъморий ечимига кўра, дунёда ягона ва бетакрордир.

Ғалаба боғидаги ҳар бир ёдгорлик объекти ва қурилма, музей экспонатлари халқимиз, айниқса, ёшларни урушнинг даҳшатли ва фожиавий оқибатларини ҳеч қачон унутмасликка чорлайди. Шу нуқтаи назардан, Ғалаба боғи навқирон авлодларимизни бугунги тинч ва осуда ҳаётни ардоқлаш ҳамда мустақилликнинг қадрига етиш, доимо огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш, Ватан ҳимоясига ҳамиша тайёр туриш руҳида тарбиялашда улкан аҳамият касб этади.

Ғалаба боғида пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонлари тарих билан ҳамнафас бўлиб, ўтганлар хотирасини ёд этиши, уларга ҳурмат бажо келтириши учун барча шароит яратилган. Шу билан бирга, зиёратчиларнинг мазмунли дам олиши, оммавий маданий тадбирлар, ижодий учрашувлар, адабий кечалар ўтказиш учун жамики қулайликлар муҳайё этилган. Аҳоли ва хорижлик сайёҳларнинг кўнгилли сайр этишини таъминлаш учун боғ ҳудудида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари ўзига хос дизайнда амалга оширилди.

Эътиборли жиҳати, ана шундай улуғвор бунёдкорлик ишлари билан бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон халқининг Буюк Ғалабага қўшган улкан ҳиссасини янада чуқур ўрганиш борасида ҳам муҳим натижалар қўлга киритилди. Президентимизнинг тавсиялари асосида бу борада қисқа фурсатда катта илмий тадқиқот ишлари ва жиддий таҳлилий изланишлар амалга оширилди.

Янги тарихий маълумотлар ва ҳар жиҳатдан пухта ишланган лойиҳалар асосида муҳташам Ғалаба боғи таркибида «Матонат мадҳияси», «Мангу жасорат» ва «Кўз ёши» монументлари, «Шон-шараф» давлат музейи бунёд этилди.

Энг муҳими, халқимизнинг қонли жанглардаги мардлигини, фронт ортидаги машаққатли меҳнати ва фидойилигини акс эттиришга бағишланган кенг кўламли тарихий-бадиий экспозициялар яратилди.

Шу ўринда «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуаси таркибидаги ҳар бир ёдгорлик ўзига хос фалсафий-тарихий ва бадиий-меъморий ечимга эга эканини алоҳида таъкидлаш лозим.

«Матонат мадҳияси» — Ўзбекистондаги барча оналарга қўйилган ҳайкал

Аввало, халқини севган, унинг тарихи ва дардини чуқур англаган давлатимиз раҳбарининг ғояси ва ташаббуси билан Ғалаба боғининг қоқ ўртасида «Матонат мадҳияси» деб аталган муаззам обида она Ватан рамзи бўлиб қад ростлади. Мазкур ёдгорлик мажмуаси қандайдир бадиий образ эмас, унга ҳаётда бўлган воқеа асос қилиб олинган.

Тошкент вилояти Зангиота туманида яшаган Зулфия ая Зокирова Иккинчи жаҳон урушида бир эмас, беш ўғлидан — Исоқжон, Аҳмаджон, Маҳамаджон, Ваҳобжон, Юсуфжон исмли азиз фарзандларидан жудо бўлган. Унинг тўрт нафар келини бева, беш набираси эса етим бўлиб қолган. Келинлари ҳам Зулфия аядан ўрнак олиб, ўз оиласига содиқ қолган ва бошқа турмуш қурмаган.

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, ёзувчи Алиназар Эгамназаровнинг сўзларига кўра, Иккинчи жаҳон урушида бир оиладан беш нафар фарзанд урушга кетиб ҳеч бири қайтмаган оила дунёда учта бўлиб, иккитаси Беларус ва АҚШда, яна бири Тошкент вилояти Зангиота туманидаги Хонобод қишлоғида яшаган Зулфия ая Зокирова оиласидир. Она Иккинчи жаҳон урушида беш ўғлидан жудо бўлган.

2019 йили Хотира ва қадрлаш кунида давлатимиз раҳбари Зулфия Зокирова ва унинг фронтдан қайтмаган беш ўғли, садоқатли келинлари хотирасига атаб муҳташам ҳайкал ўрнатиш ҳамда унга «Матонат мадҳияси» деб ном бериш таклифини билдирган эди. Бу ташаббусни жамоатчилигимиз қизғин қўллаб-қувватлади.

«Матонат мадҳияси» монументи ўзбек аёлининг адоқсиз меҳр ва бардоши, садоқати ва матонати рамзидир. Президентимиз таъбири билан айтганда, «Бу — Ўзбекистондаги барча оналарга қўйилган ҳайкал. Ушбу ёдгорлик бутун халқимиз учун қутлуғ зиёратгоҳга, оила, муҳаббат, вафо ва садоқат тимсолига айланиб қолади. Бу ерга келган ёшлар миллатимизнинг қонида бўлган фазилатларни англаб, уларни қадрлаб яшашга интилади».

«Мангу жасорат» монументи — тарихий адолат тантанаси

Ғалаба боғидаги «Шон-шараф» давлат музейи тепа қисмида қад ростлаган маҳобатли «Мангу жасорат» монументи ҳақида сўз юритишдан олдин унинг ташаббускори ва бун­ёдкори бўлмиш Президентимизнинг яна бир фазилатини эслаб ўтишни жоиз деб билдик: бу кенгфеъллик ва кенгфикрлиликдир.

Гап шундаки, турли ва сирли узоқ тортишувлар, таги пуч иддаолар ортидан Иккинчи жаҳон урушининг буюк ва жасоратли қаҳрамони Собир Раҳимов юртимизда тилга олинмай қолгани, унга атаб ишланган бадиий фильм намойиш этилмай қўйилгани, унинг номи туман ва метро станциясидан ўчирилгани, ҳатто пойтахтдаги ҳайкали ҳам кўчирилгани кўпчиликнинг ёдида. Албатта, бу ўтмишга, тарихий хотирага нисбатан ҳурматсизлик ва адолат тарозисининг бузилиши эди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев яқин ўтмишдаги шундай оғриқли хатони тўғрилади. Тарихий адолат қарор топиб, Собир Раҳимов номи юртимизга қайтди. Шу маънода, «Мангу жасорат» монументи генерал Собир Раҳимов, унинг атрофида 14 нафар Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамони ҳайкалларидан ташкил топгани таҳсинга сазовор.

Генерал-майор Собир Раҳимов ҳайкали ёдгорликнинг марказидан жой олган бўлиб, атрофида 14 нафар қаҳрамон жангчимиз турли кўринишларда гавдалантирилган. Ёдгорлик доира шаклида бунёд этилгани туфайли унга қайси томондан қаралишидан қатъи назар, халоскорларимизнинг сиймоси юзма-юз кўринади.

«Шон-шараф» давлат музейининг зинапоя орқали чиқиб бориладиган юқоридаги майдончасидан Ғалаба боғи манзараси тўлиқ ва яққол кўриниб туради. «Мангу жасорат» монументи ўрнатилган тепаликнинг илонизи, яъни айланма йўлаги бўйлаб мармар лавҳлар жойлаштирилган. Уларга ўзбекистонлик 301 нафар Совет Иттифоқи Қаҳрамони ва юртимизнинг уруш йилларида жанговар орден-медаллар билан тақдирланган бошқа муносиб ўғил-қизларининг номлари битилган.

«Мангу жасорат» монументи — Собир Раҳимов каби жасур ҳарбий қўмондонларимиз ва Ўзбекистоннинг бошқа ёвқур жангчилари жасорати ва қаҳрамонликлари тимсолида Ғалаба боғи фалсафасининг туб моҳияти очиб берилган. Ушбу муҳташам ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилар эканмиз, шубҳасиз, ҳар биримиз ота-боболаримизнинг мангу хотираси олдида таъзим бажо келтирамиз.

«Кўз ёши» мажмуаси — қайғу, меҳр ва огоҳлик рамзи

«Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуасининг «Кўз ёши» монументи тубсиз гирдоб шаклида ишланган. Бунда даҳшатли уруш қанчадан-қанча инсонларни миллати, дини ва жинсидан қатъи назар, абадул-абад ўз домига тортиб кетгани тасвирланган.

Мусулмон, насроний, яҳудо каби турли динларга мансуб инсонлар хотирасига ўрнатилган қабртошлар урушда ҳалок бўлган ва йўқсизлик сари йўл олган саф-саф аскарларга ўхшайди. Гирдобнинг ҳар бир қатида 1941-1945 йилларда ҳалок бўлган жангчиларнинг сони йилма-йил алоҳида қайд этилган.

Энг олдинги қатламда урушгача яшаган ва уруш даврини кўрган инсонларнинг табассумли чеҳралари акс этган фотосуратлар жойлаштирилган. Уларнинг беғубор нигоҳларидан бир дунё орзу-ҳавас ва ҳаётга бўлган чексиз муҳаббатни шундоққина уқиб олиш мумкин. Ёдгорлик остонасидаги сув сатҳи эса қайғу ва андуҳ кўз ёшларидан ҳосил бўлган кўлни англатади.

«Кўз ёши» мажмуаси — давлатимиз раҳбари ташаббусининг меъморий-фалсафий жиҳатдан нодир ечимини топган яна бир ғаройиб самарасидир. Эътибор қилсангиз: у инсоннинг кўзи шаклида яратилганини кўрасиз. Улкан кўз гавҳаридаги юзлаб қабртошлар турли миллат ва динга мансуб кишиларга ўрнатилган.

Бу ҳам урушнинг дин, миллат танламаслигини, ҳар қандай ёвуз ғояларга бутун инсоният бир мушт бўлиб бирлашиб курашиши зарурлигини уқтириб турибди. Мазкур ғоявий-бадиий мажмуада урушнинг нечоғлиқ мудҳишлиги, миллати ва динидан қатъи назар, барча одамларнинг тенглиги ва ўзаро ҳамдардлиги ўз ифодасини топган.

«Шон-шараф» давлат музейи — жасорат, матонат ва ватанпарварлик тараннуми

Бу тарихий ашёлар Ўзбекистон халқининг бағрикенглиги, матонати ва Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабага қўшган улкан ҳиссаси ҳақида ҳикоя қилади. Шу ўринда «Шон-шараф» давлат музейининг умумий майдони 3 минг 800 квадрат метрдан иборат эканини таъкидлаш лозим. Музейни барпо этишда энг замонавий мультимедиа технологиялари, рангли ва оҳангли инновацион жиҳозлардан фойдаланилган.

Музейнинг беш бўлимдан иборат залларида Ўзбекистон халқининг жанггоҳлардаги жасорати ва фронт ортидаги матонатига доир кенг қамровли ахборотлар жамланган. Шунингдек, атоқли адиб ва олимларимиз ҳамда уларнинг Ўзбекистонга эвакуация қилинган ҳамкасбларига тегишли илмий тадқиқотлар, машҳур адабий асарлар ва санъат намуналари, тиббиёт соҳасидаги кашфиётлар билан танишиш мумкин.

Узоқ кутилган Ғалабани шарафлашга доир саҳналар: қувонч кўз ёшлари, Ғалаба паради, ғолибларни куй-қўшиқ ва гуллар билан кутиб олиш лаҳзалари акс этган тарихий лавҳалар ҳам ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Бундан ташқари, музейда шоир ва ёзувчилар, рассомлар ва ҳайкалтарошлар ижодига мансуб бўлган ҳамда уруш мавзусига бағишланган асарлар намойиш этилмоқда.

Бу ерда халқимизнинг Буюк Ғалабага қўшган муносиб ҳиссаси ва инсониятни фашизм балосидан асраб қолиш йўлида кўрсатган жасоратини абадийлаштириш учун амалга оширилган эзгу ишлар ўз ифодасини топган. Музейнинг барча тарихий ашёлари — Ўзбекистон халқининг метин иродаси, Ғалабага бўлган қатъий ишончининг далолатидир.

«Шон-шараф» давлат музейи директори, подполковник Мухторжон Шокировнинг сўзларига қараганда, «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуаси очилганидан буён ўтган қисқа вақтда мажмуа таркибидаги ушбу музейни 180 мингдан ортиқ зиёратчи келиб кўрган. Меҳмонлар орасида пойтахтимиз аҳолиси вакилларидан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан, шунингдек, хорижий мамлакатлардан келган сайёҳлар ҳам бор.

Пандемия шароитига қарамай, музейга ташриф буюрувчилар сонининг бу қадар кўплиги муҳим аҳамиятга эга. Мавжуд тартиб-таомилга кўра, бир йилда ўртача 30-40 минг киши ташриф буюрадиган музейнинг мақоми юксалади. Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазирлиги томонидан яқинда «Шон-шараф» давлат музейига «Олий тоифадаги музей» мақоми берилгани эътиборга моликдир.

Яна бир муҳим далил: «Шон-шараф» давлат музейи иш бошлаганидан буён ўтган қисқа даврда музей заллари муҳим тарихий экспонатлар билан янада бойитилди. Музей биносининг иккинчи қаватида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Давлат божхона хизмати каби тегишли вазирлик ва ташкилотларнинг Иккинчи жаҳон уруши даврига бағишланган алоҳида кўргазмалари ташкил этилди.

Ғалаба боғи — энг замонавий меъморий обида

«Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуаси замонавий меъморий обида ҳисобланиши бежиз эмас. Биз ушбу муҳташам мажмуа таркибидаги атиги бир нечта асосий ёдгорлик монументларини санаб ўтдик, холос. Аслида, Ғалаба боғи ҳудудида бир-биридан гўзал, бетакрор ва таъсирчан меъморий ёдгорликлар жуда кўп.

Хусусан, Ғалаба боғига кириладиган асосий йўлнинг икки четидан 10 та барельеф, яъни деворга ишланган бўртма нақшлар жой олган. Бу нақшлар ўзбек халқининг 1941-1945 йиллардаги жасоратли ва матонатли ҳаёти ҳақида битилган ўзига хос ноёб китобга ўхшайди. Унинг ҳар бир нақшинкор саҳифаси ҳаяжонли тасвирларга бой.

Ўзбекистоннинг еттита минтақасига хос нонлар тасвири акс этган барельеф шулардан биридир. Халқимиз одатига кўра, ҳарбийга отланган йигитларга «уйида ризқи кутиши»нинг белгиси сифатида нон тишлатиб қолинган. Девордаги тишланган нонлар тасвири ва ҳалок бўлган жангчилар сони ҳақидаги рақамлар урушдан қайтмаган юртдошларимиз хотирасини ёдга солиб туради.

«Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуасининг «Уруш» ҳудуди қисми уруш даврининг ҳимоя хандақлари (окоп, траншея), жанговар техника, қақшатқич отишмаларни акс эттирадиган турли тасвирлардан иборат. Уруш қиёфаси танклар, танкларга қарши махсус металл қурилмалар, парвоздаги ва қулаб тушган самолётлар тимсолида гавдалантирилган. Айниқса, ҳимоя хандақларининг учта танк остида қолган қисмидан ўтаётганда, ҳар қандай инсон бу «темир сандиқ»лар остида мажақ бўлиш таҳдидини ич-ичидан ҳис этади ва урушнинг нақадар даҳшатли эканини яққол тасаввур қилади.

Иккинчи жаҳон урушининг ўта даҳшатли дамларини кўрсатиб бериш учун Ғалаба боғида «Концлагерь» ёдгорлиги бунёд этилган. Унда 1942 йили Смоленскдаги қақшатқич жангларда мардларча курашган ва асирга олиниб, фашистларнинг Голландиядаги «Амерсфорт» концлагерига ташланган 101 нафар ўзбек жангчисининг фожиали қисмати ҳақида ҳикоя қилинади.

Ғалаба боғининг «Шон-шараф» давлат музейига кириш йўлагида, икки томондаги деворларда ҳам ранг-баранг барельефлар жойлаштирилган. Уларда Иккинчи жаҳон уруши саҳифалари тасвирланган. Жумладан, «Кузатиш», «Уруш», «Фронт ортида» барельефлари музейга кириш йўлагининг чап томонида жойлашган. Узунлиги 44 метрлик ушбу асарда навқирон ўғлонларини урушга кузатаётган ота-оналар, юртдошларимизнинг фронт ортидаги машаққатли меҳнати ва Ўзбекистоннинг Ғалабага қўшган улкан ҳиссаси ўз аксини топган.

«Дийдор» барельефининг узунлиги 10,5 метр бўлиб, у кириш йўлагининг ўнг томонида жойлашган. Ушбу асарда фашизм устидан қозонилган Ғалаба кунида хушнуд қиёфадаги оналар, аёллар ва болаларнинг узоқ айрилиқдан кейин ўз ўғлонлари, турмуш ўртоқлари ва оталарини қутлаб турган бахтиёрлик манзараси тасвирланган.

Ғалаба боғида бунёд этилган «Меҳр-шафқат қўли» ёдгорлиги ўзбек халқига хос бағрикенглик ва инсонпарварликнинг рамзий ифодасидир. Бу эзгу хислатлар икки кафт оралиғидаги «200 000» рақами ва очиқ қўл ичидаги уч нафар жажжи болакай тимсолида ўз аксини топган.

Оғир уруш йилларида эвакуация қилинган болаларга оналарча ғамхўрлик кўрсатиш бўйича чақириққа Ўзбекистоннинг минглаб аёллари «лаббай» деб жавоб берган. Шу тариқа кўплаб инсонлар учун ўшанда Ўзбекистон иккинчи Ватанга айланган.

«Ғалаба» ёдгорлиги «Шон-шараф» давлат музейига кириш йўлагининг ўнг томонидаги шинам майдончада ўрнатилган. Ушбу сурурбахш ёдгорлик ғоят муҳим воқеа — Иккинчи жаҳон уруши тугаган ва фашизм устидан узоқ кутилган Ғалабага эришилган тарихий кунга бағишланган. Ёдгорлик қаҳрамонлари — беш нафар жангчи Ғалабани қувонч ва ғурур-ифтихор билан нишонламоқда.

Жангчилардан бири — қуролни, бошқаси — шамолда мавжланаётган байроқни қўлида тутган. Яна бир жангчини қуролдошлари завқ-шавқ билан кўкка ирғитмоқда. Бу саҳналар Ватан ишончли қўлларда эканини, юртнинг қадр-қиммати ва ор-номусини ҳимоя қилишга қодир шонли ўғлонларини ҳеч қандай душман енга олмаслигини тараннум этади.

«Ғалаба ордени» фаввора-ёдгорлиги «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуасининг алоҳида кўрки ҳисобланади. Маълумки, Иккинчи жаҳон урушида 1943 йили юз берган бурилиш палласидан сўнг жанг майдонларида алоҳида ўрнак кўрсатган ҳарбий қўмондонларни тақдирлаш учун янада юксак даражадаги ҳарбий орден таъсис этиш зарурати пайдо бўлган. Шунинг учун собиқ СССР Олий Совети Президиумининг 1943 йил 8 ноябрдаги қарори билан «Ғалаба» олий ҳарбий ордени таъсис этилган.

Агар Ғалаба боғига осмондан назар ташланса, «Ғалаба ордени» фаввора-ёдгорлиги тимсолида ана шу юксак мукофот ўз аксини топганини кўриш мумкин.

Ғалаба боғининг миллий, минтақавий ва халқаро аҳамияти

Президентимиз ташаббуси билан Тошкент шаҳрида бунёд этилган Ғалаба боғининг:

миллий аҳамияти — ушбу муҳташам тарихий-бадиий ёдгорлик мажмуаси қаҳрамон аждодларимизнинг муносиб номларини қайта тиклаш, абадийлаштириш ва ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг муҳим бадиий-кўргазмали воситаси, шунингдек, уруш асоратларини ҳеч қачон унутмасликка мангу чорлов ҳисобланади;

минтақавий аҳамияти — Ғалаба боғида Марказий Осиё мамлакатлари умумий тарихининг алоҳида лавҳалари қайта тикланган бўлиб, бу тарихий саҳналар инсониятга ўзбеклар ва собиқ СССР таркибида бўлган бошқа миллатларнинг Иккинчи жаҳон уруши йилларида фашизм устидан қозонилган ғалабага қўшган улкан ҳиссасини эслатиб туради;

халқаро аҳамияти — дунё ҳамжамияти Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорлик ва дўстликни кенгайтириш ҳамда мустаҳкамлаш борасида олиб бораётган инсонпарварлик сиёсатини юксак қадрлашини инобатга олган ҳолда, Тошкентда Ғалаба боғи барпо этилгани ана шу оқилона сиёсатнинг мантиқий давоми эканини алоҳида таъкидлаш айни муддаодир.

Бинобарин, бугун халқимиз Президентимиз раҳнамолигида янги Ўзбекистонни барпо этмоқда. Янги ҳаёт, беқиёс ўзгаришлар ҳар биримиздан фидойилик ва бунёдкорликни, янада катта сафарбарликни талаб этмоқда. Давлатимиз ­раҳбари таъкидлаганидек, «Бу жараёнда тинчлик ва осойишталикни асраш, жаҳон ҳамжамияти, аввало, қўшни давлатлар билан дўстлик ва ҳамкорликни кучайтиришни биз энг муҳим вазифамиз деб биламиз».

Акмал САИДОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикерининг биринчи ўринбосари,
академик

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?