Футболчи Отабек Шукуров «Мард ўғлон» давлат мукофоти, спортчининг отаси қорабайир зотли от билан тақдирланди

13:55 02 Июль 2021 Спорт
638 0

Хабарингиз бор, 30 июнь — «Ёшлар куни» муносабати билан мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илм-фан, таълим, маданият, спорт ва яна кўплаб соҳаларда фаоллик кўрсатаётган бир қатор ёшлар юксак давлат мукофотлари билан тақдирланишди.

Жумладан, давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига мувофиқ футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Бирлашган Араб Амирликларининг «Шаржа» клуби аъзоси Отабек Шукуров «Мард ўғлон» давлат мукофотига муносиб кўрилди.

Шукуров Осиё миқёсида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиш билан бирга, ўзи туғилиб ўсган Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани ёшларига ўрнак бўладиган хайрли ишларни амалга оширмоқда.

Чунончи, 1 июль куни Отабек Шукуров 100дан ортиқ ёшлар таҳсил олишига мўлжалланган ўқув марказининг очилиш маросимини ўтказди. Айни шу тадбирда Қашқадарё вилояти ҳокими Зоир Мирзаев ҳам иштирок этиб, миллий терма жамоамиз футболчисига мукофотни топширди.

Шунингдек, тадбирда Қашқадарё вилояти ҳокими мана шундай ватанпарвар ўғлонни тарбия қилган Отабек Шукуровнинг отаси Ғайрат Муродовга миллатимиз ғурурига айланиб бораётган қорабайир зотли от совға қилди.

Туризм ва спорт вазирлиги жамоаси кенг спорт жамоатчилиги номидан Отабек Шукуровни юксак давлат мукофоти билан самимий табриклаб, унинг келгуси фаолиятида омад ва зафарлар ёр бўлишини тилайди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?