Фуқаролик жамиятининг ҳуқуқий ҳимояси

15:18 26 Ноябрь 2020 Сиёсат
785 0

8 декабрь — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун

Бугун олдимизга қўйилган асосий мақсад ва устувор вазифалар мамлакатимизни эркинлаштириш ва модернизация қилишда узоқни кўзлайдиган «Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари» тамойилига асосланган. Бу демократик ислоҳотларимиз изчил ва тадрижий, босқичма-босқич ҳамда узлуксиз тизимли жараён эканининг яна бир исботидир.

Шу нуқтаи назардан айтганда, юртимизда фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундан асосий мақсад, аввало, кишиларимиз онгига демократик қадриятлар ва кўникмаларни изчиллик билан сингдириб боришдир.

Ўз навбатида, Асосий Қонунимизда алоҳида, XIII боб ва 7 та модда бевосита жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларига бағишлаганини таъкидлаш жоиз. Хусусан, Конституциямизнинг 58-моддасида белгиланганидек, давлат жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлайди, уларга ижтимоий ҳаётда иштирок этиш учун тенг ҳуқуқий имкониятлар яратиб беради.

Конституциямизда, шунингдек, нодавлат ва нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқий мақоми мустаҳкамланган бўлиб, 56-моддада қонунда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган касаба уюшмалари, сиёсий партиялар, олимларнинг жамиятлари, хотин-қизлар, фахрийлар ва ёшлар ташкилотлари, ижодий уюшмалар, оммавий ҳаракатлар ва фуқароларнинг бошқа уюшмалари жамоат бирлашмалари сифатида эътироф этилади.

Шу тариқа Конституциямизда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятига доир асосий принципларнинг мустаҳкамлаб қўйилгани барча аҳоли қатламлари манфаатларини акс эттирадиган бундай ташкилотлар кенг тармоқларининг ривожланиши учун қулай шароит яратди.

Қайд этиш лозимки, мазкур қонуний мустаҳкамланиш ва ННТнинг мустақиллиги МДҲ давлатларининг ҳеч бирида нормага киритилмаган.

Мамлакатимизда бундай ташкилотларнинг обрўси ошиб, мустаҳкамланиб боргани сари фуқаролик жамияти институтларининг давлат ва ҳокимият тузилмалари фаолияти устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги роли тобора ортиб бормоқда. Бугунги кунда жамоатчилик ва фуқаролик назорати институти жамиятнинг давлат билан ўзаро самарали алоқасини таъминлаш, одамларнинг кайфиятини, мамлакатда кечаётган ўзгаришларга муносабатини аниқлашнинг муҳим воситаларидан бирига айланмоқда.

Шу маънода, фуқаролик институтларининг роли ва аҳамиятини кучайтиришга, фуқароларнинг энг муҳим социал-иқтисодий муаммоларини ҳал этишга қаратилган 250 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилингани диққат сазовордир.

Хусусан, мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотларини фуқаролик жамияти институтлари сифатида тобора тараққий эттириш, уларнинг мустақил фаолият юритишини таъминлаш мақсадида «Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Жамоат фондлари тўғрисида»ги, «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида»ги, «Ҳомийлик тўғрисида»ги қонунлар ва бошқа ҳуқуқий асосларнинг шакллантирилганлиги натижасида ННТ ўзларида фуқаролик жамияти институтларига хос белгиларни ифода эта бошладилар.

Бугунги кунда юртимизда ўн икки мингга яқин ННТ фаолият юритади, уларга минтақавий ва маҳаллий ташкилотларни мисол қилиш мумкин. Энг йирик фуқаролик жамияти институтларидан бири — сиёсий партиялардир. Ҳозирги вақтда 5 та етакчи сиёсий партия Олий Мажлис ва маҳаллий Кенгаш депутатлари орқали давлатимиздаги сиёсий-ижтимоий ислоҳотларни амалга оширишда иштирок этишмоқда.

Умуман айтганда, фуқаролик жамияти — бу шундай ижтимоий тузумки, унда қонунлар устуворлиги таъминланади, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари қарор топади, сиёсий партиялар ва институтлар, фикрлар хилма-хиллиги кафолатланади, инсонга унинг иқтисодий, сиёсий ҳамда маданий ҳаёт шаклларини эркин танлаши ифодаланади. Шу боис, уларнинг ҳар жиҳатдан тараққий этиши кучли фуқаролик жамиятини барпо этишда муҳим аҳамият касб этади.

Гулруҳ АГЗАМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
«Адолат» СДП фракцияси аъзоси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?