Фуқароларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш — пировард мақсад

09:03 27 Август 2021 Жамият
746 0

Давлатимиз раҳбарининг «Янги Ўзбекистон» газетасида чоп этилган: «Янги Ўзбекистон демократик ўзгаришлар, кенг имкониятлар ва амалий ишлар мамлакатига айланмоқда» суҳбатида кейинги беш йил ичида жонажон юртимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг мазмун моҳияти ва зарурияти батафсил акс эттирилган.

Суҳбатда таъкидланганидек, халқимиз бугунги кунларга оғир ҳаётни бошидан кечириб, Ватан озодлиги учун курашган юзлаб маърифатпарвар боболаримиз, илм-фан дарғаларини «халқ душмани» тамғаси билан қатағон қурбонларига айлантирган бутун бошли тажовузкор тузумни парчалаш орқали мушарраф бўлди. Бунёдкор ва меҳнаткаш халқимиз, мамлакатимиз мустақилликка эришгач, жуда қисқа даврда демократия тамойилларига асосланган жамият барпо этди. Ватанимиз Бош Қомуси яратилиб, қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятлари юзага келди. Миллий валютамиз ва миллий армиямиз шаклланди. Бир пайтлар истибдод зулми остида ушлаб турилган юртда ўз фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилувчи кучли давлат бошқаруви қарор топди. Суҳбатда ўз аксини топган бу жараёнлар ҳар бир ўқувчига жонажон Ватан олдидаги муқаддас фуқаролик бурчини такрор-такрор эслатади.

Маълумки, юртимиз доимо кенг имкониятлар бешиги бўлиб келган. Шу боис тарихда мустабид тузум барпо этган босқинчилар албатта масаланинг ана шу жиҳатига алоҳида эътибор қаратишган. Мусаффо сув ва ҳаво, унумдор тупроққа эга бўлган заминда яшаш, унинг ноз-неъматларидан баҳраманд бўлиш буюк миллатимиз душманларининг бирламчи орзуси бўлган. Яратганга шукрлар бўлсинким, мустақиллик туфайли бугун бу неъматлар тўлиғича халққа қайтарилди. Истибдод йилларида топталган тарихимиз, миллий ва диний қадриятларимиз қайта тикланиб, жаҳон жамоатчилиги эътирофига сазовор бўлди. Бир пайтлар дунё халқлари маданияти, илму фани ривожига салмоқли ҳисса қўшган маърифатпарвар алломаларимиз Уйғониш даврига ҳам асос солишган. Улар тарбия топган юртда кейинги беш йилда амалга оширилган ислоҳотлар самараси туфайли «Янги Ўзбекистон» ва «Учинчи Ренессанс» даври бошланди. Албатта бу жараёнлар суҳбатда тўлиқ ва мукаммал баён этилганлиги билан ҳам катта аҳамиятга эга.

Президентимиз суҳбат асносида жамият ривожидаги муҳим босқичларни бирма-бир санаб ўтарканлар, давлат органлари фаолиятидаги очиқлик ва ошкоралик тарафдори эканлигини, бугунги куннинг раҳбари кечаю кундуз халқ билан елкама-елка туриб ишлаши, мавжуд муаммоларни ортга сурмай, тезкор ҳал этиши, ўзлари таъкидлаганидек, халқ хизматкори бўлиши лозимлиги яна бир бор уқтирилади.

Давлат раҳбари ўз фаолиятининг дастлабки кунлариданоқ суд ва ҳуқуқ-тартибот идораларида туб ислоҳотлар ўтказишга киришди. Суд ва прокуратура идоралари, қонунни назорат қилувчи ва ижро этувчи бўғинларда янгича тамойиллар жорий этилди. Шаффоф ва адолатли ишлаш принциплари ишлаб чиқилди. Бугун ана шу қатъий талаб туфайли суд ва прокуратура тизими янги босқичга кўтарилди. Ҳар бир ишда адолат мезони қарор топди. Буни муҳтарам Президентимиз суҳбат асносида: «Судьянинг онгида – адолат, тилида – ҳақиқат, дилида – поклик бўлиши керак»-дея таъкидлайдилар.

Аҳоли ўртасидаги камбағаллик қатламини босқичма-босқич бартараф этиш, маҳалла ва қишлоқларни ободонлаштириш, одамлар турмуш маданиятини юксалтириш борасида кейинги беш йилда улкан бунёдкорликлар, қатор самарали ижтимоий лойиҳалар амалга оширилмоқда. Мақолада бу жараёнлар батафсил таҳлил қилинаркан, «Кексалар, ногиронлар, оғир аҳволга тушиб қолган инсонларни қўллаб-қувватлаш, уларга меҳр ва мурувват кўрсатиш каби эзгу анъаналар бугунги кунда янгича маъно-мазмун, амалий ҳаракатлар билан бойиб, такомиллашиб бормоқда. Бу борада, айниқса, «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла», «Беш муҳим ташаббус», «Ҳар бир оила – тадбиркор», «Ёшлар – келажагимиз» каби дастурлар ўз ижобий натижасини бермоқда-, дейди Президент.

Касб тақозоси билан вилоятнинг туман ва шаҳарларидаги аҳоли билан юзма-юз мулоқотларда, ижтимоий муаммоларни уйма-уй юриб ўрганиш жараёнларида улуғ ёшдаги кишилар билан жуда кўп суҳбатлашаман, дуосини олишга ҳаракат қиламан. Улар, «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» дастурлари ижросидан чексиз қувончга тўлиб, «Президентимизнинг отасига раҳмат, бу яқин орада қишлоқларимизни обод манзилга айлантиришга ҳеч бир раҳбар бунчалик эътибор қилмаганди!»-деган сўзларини кўп эшитаман. Шунда, Президентимиз бошлаган ишларни нақадар савобли, хайру баракотли эканлигини англайман. Айнан давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда жорий этилган «темир дафтар», «аёллар дафтари», «ёшлар дафтари», «маҳаллабай» ва «хонадонбай» ишлаш усуллари туфайли йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолар ечим топмоқда. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва бурчлари қонун ҳимояси билан кафолатланиши таъминланди. Бу жараёнларни давлатимиз раҳбари бундай баҳолайдилар: «Айниқса, «инсон ҳуқуқ ва эркинликлари», «қонун устуворлиги», «очиқлик ва ошкоралик», «сўз эркинлиги», «дин ва эътиқод эркинлиги», «жамоатчилик назорати», «гендер тенглик», «хусусий мулк дахлсизлиги», «иқтисодий фаолият эркинлиги» сингари фундаментал демократик тушунчалар ва ҳаётий кўникмалар ҳозирги вақтда реал воқеликка айланиб бораётгани эътиборлидир».

Бугун оилада барчамиз учун мўътабар бўлган аёлларимиз, хотин-қизларга давлатимиз томонидан берилаётган эътибор ўз мазмун моҳияти билан қадрлидир. Сир эмас, аёлларнинг ишсизлик даражаси мавжуд. Жамиятдаги ана шу бўшлиқни тўлдириш, оналик ва болаликни қонуний ҳимоя қилиш, хотин-қизларнинг ҳаётдаги нуфузини ошириш борасида кейинги беш йилда жуда катта ишлар қилинди. Суҳбатда таъкидланганидек бу борадаги амалий ҳаракатлар натижаси сифатида 24 та ҳужжат, 2 та қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 6 та фармон ва қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 16 та қарори қабул қилинганини санаб ўтишимиз мумкин.

Аёлларимизга доимий эътибор сифатида Гендер тенгликни таъминлаш бўйича комиссия, Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, Республика Хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши фаолият кўрсатмоқда. Хотин-қизларимизнинг ижтимоий ҳаётдаги фаол иштирокини рағбатлантириш учун «Мўътабар аёл» кўкрак нишони таъсис этилди. Суҳбатни ўқирканман, жамиятимиздаги бу муҳим жараёнлар ҳам бирма-бир таҳлил қилинганини кўраман.

Бугун залворли юк билан дадил одимлаётган Янги Ўзбекистон бу — муҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурилаётган — халқнинг барча ғоя ва ташаббуслари жамланмаси, қолаверса, бугунининг заруратидир. Буни суҳбатдаги мана бу сатрлар орқали янада теранроқ англаймиз: «Таъкидлаш керакки, Янги Ўзбекистонни барпо этиш – бу шунчаки хоҳиш-истак, субъектив ҳодиса эмас, балки туб тарихий асосларга эга бўлган, мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий вазиятнинг ўзи тақозо этаётган, халқимизнинг асрий интилишларига мос, унинг миллий манфаатларига тўла жавоб берадиган объектив заруратдир.»

Бугун бутун дунё ҳамжамияти қўшни Афғонистондаги сиёсий вазиятга гувоҳ бўлиб турибди. Аслида, муҳтарам Президентимиз ўз фаолиятини бошлаган дастлабки йилдаёқ афғон муаммосини тинч музокаралар йўли билан ҳал этиш ташаббусини кўтариб чиққандилар. Шунингдек, атрофимиздаги қўшни давлатлар билан ўзаро муносабатларни ҳам янги босқичга олиб чиқдилар. Суҳбатда бу мезонлар ҳам батафсил таҳлил қилинганлиги билан аҳамиятлидир.

«Янги Ўзбекистон – бу, аввало, янгича иқтисодий муносабатлар, янгича иқтисодий дунёқараш демакдир»-дейилади суҳбат давомида. Ана шу янгиланишлар замирида фуқаролик жамияти шаклланаётир. Бозор тамойилларига мослашган янги ишлаб чиқариш тизими яратилмоқда. Бунда албатта, бирламчи вазифа халқ манфаатларини ҳимоя қилиш, Қонун устуворлигини таъминлашдир. Биргина мисол, вилоятда қишлоқ хўжалиги жараёнига кластер тизимини кириб келиши туфайли барча қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш, жумладан пахта ва ғалла ҳосилдорлиги бир неча баробарга ошди. Сув таъминоти муаммо бўлган ҳудудларда замонавий томчилатиб суғориш технологиялари юксак самара бера бошлади. Халқимиз янги жамият сари одимларкан, фуқароларнинг ер ва мулкка бўлган муносабати тубдан ўзгариб бормоқда. Тадбиркорлик фаолияти кенг ривож топиб, унинг ҳақ-ҳуқуқлари Қонун ҳимоясига олинди. Шу боис ҳам кейинги йилларда тадбиркорлар мамлакатимизнинг асосий таянчига айланди. Муҳтарам Президентимиз буни куни кеча мамлакатимиз тадбиркорлари билан ўтказган очиқ мулоқотида ҳам мамнунлик билан таъкидлаб: «Биз доимо изланиб, янгиликка интилиб яшайдиган тадбиркорларимизни, ўз ишига фидойи ва жонкуяр, ватанпарвар инсонлар деб биламиз ва уларни қадрлаймиз. Айниқса, мураккаб пандемия давридаги синов ва қийинчиликлар пайтида ҳам халқимизга мададкор бўлиб, ўз бизнесини нафақат сақлаб қолган, балки янги иш ўринларини яратиб, муҳтожларга кўмак бераётган ҳамда ишлаб чиқариш ва экспортни оширган тадбиркор дўстларимга бугун чин қалбимдан раҳматлар айтаман»-деди.

Суҳбатда барчамиз учун катта ибрат мактаби бўлган жиҳатлар борки, бу ҳам бўлса, муҳтарам Президентимизнинг ўзига хос иш услуби ўлароқ, маҳаллий раҳбарларнинг сохтакорлик ва риёкорликка берилиши, айрим ҳолларда юқорига ёлғон ҳисоботлар тайёрлашига муросасиз эканлигидир. Давлатимиз раҳбари буни вилоятларга, жумладан, Тошкент вилоятига ташрифи асносида ҳам бир неча бор намоён этдилар.

Суҳбатда глобал пандемия шароитида фуқаролар саломатлигини ҳимоя қилиш, тиббий хизмат кўрсатиш маданиятини ривожлантириш чора-тадбирлари ҳам ўз аксини топган. Бу айниқса, бугунги шароитда сув билан ҳаводек зарур. Шу боис ҳам Президентимиз суҳбатда бу жиҳатларга алоҳида урғу бериб: «Аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, одамлар ўртасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини кенг тарғиб этиш нафақат тиббиёт соҳаси, балки бутун жамиятимиз олдидаги долзарб вазифадир»-дейди.

Жонажон Ўзбекистонимизнинг дунё ҳамжамияти олдидаги нуфузи кун сайин юксалмоқда. Бугун юртимиз Марказий ва Жанубий Осиё минтақаларида ўз ўрнига эга бўлди. Марказий Осиёни Ҳинд Океанига чиқиши учун янги транспорт йўлларини барпо этиш масаласи ташаббускори ҳам Ўзбекистон раҳбаридир. Бу ташаббуслар жорий йилнинг 15-16 июль кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференцияда яна бир бор эътироф этилди. Суҳбатда мамлакатимизнинг ташқи сиёсат борасидаги бундай дадил одимлари ҳам бирма-бир санаб ўтиларкан, яхши қўшничиликка асосланган ўзаро ҳамкорликлар натижаси туфайли яқин мамлакатлар ва узоқ Европа давлатлари билан муносабатларимиз тобора такомиллашиб бораётгани тилга олинади.

Мухтасар қилиб айтганда муҳтарам Президентимизнинг суҳбатлари ҳар биримиз учун катта ибрат мактабидир. Қолаверса, жамиятимиз ривожи йўлида белгиланган барча вазифалар ўз улуғворлиги билан муҳимдир.

Салом САМАДОВ,
Тошкент вилояти прокурори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?