Фуқароларимиз консуллик муассасалари орқали электрон рақамли имзо калити сертификатини олиш имкониятига эга бўлади

16:39 13 Сентябр 2022 Сиёсат
211 0

Фото: Сирожиддин Вохидов / “Халқ сўзи”

Сенатнинг ўттиз иккинчи ялпи мажлисида “Электрон рақамли имзо тўғрисида”ги Қонун қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Йил сайин интернет тармоқлари орқали масофадан (онлайн) хизматлар кўрсатиш ривожланяпти.

Айниқса, жисмоний ва юридик шахслар томонидан электрон ҳужжат айланиши ортиб бораётгани туфайли электрон рақамли имзодан фойдаланиш оммалашди.

Маълумки, “Электрон рақамли имзо тўғрисида”ги Қонун 2003 йилда қабул қилинган. Бугунги кунда унга қатор ўзгартиришлар киритишга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, қонун янги таҳрирда ишлаб чиқилди.

Жумладан, Австралия, Корея, АҚШ ва бир қатор ривожланган давлатлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда юридик шахсларга электрон рақамли имзодан фойдаланишга рухсат этилмоқда.

Қонуннинг мақсади электрон рақамли имзодан фойдаланиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат бўлиб, бунинг учун соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланмоқда.

Булар – электрон рақамли имзодан фойдаланиш учун ҳуқуқий, иқтисодий, ташкилий, техник ва бошқа шарт-шароитлар яратиш, электрон рақамли имзони талаб қиладиган виртуал хизматлар турларининг очиқлиги ва сифатини таъминлаш, мажбурий техник талаблар, нормалар ва қоидаларга риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш, электрон рақамли имзодан фойдаланиш соҳасидаги илмий-техник тадқиқотларни рағбатлантириш, кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ва бошқалар.

Давлат органларининг махфий маълумотларининг ахборот хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Идоралараро электрон ахборот алмашинувида фақат миллий стандартлар асосида ишлаб чиқилган электрон рақамли имзодан фойдаланишга рухсат этилмоқда.

Фойдаланувчиларга доимий равишда ўзи билан маълумот ташувчи қурилмаларни (флешка) олиб юришга ҳожат қолдирмаслик мақсадида «булутли технологияларда» электрон рақамли имзо калитларидан фойдаланиш имконияти яратилмоқда.

Шунингдек, Қонунда рўйхатга олиш марказининг фаолиятига қўйиладиган асосий талаблар белгиланмоқда. Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасалари орқали электрон рақамли имзо калитининг сертификатини бериш амалиёти жорий этилмоқда. Электрон рақамли имзолар калитлари эгаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари мазкур Қонун билан мустаҳкамланмоқда.

Қонунда яна бир янгилик “Ишончли учинчи тараф хизмати” назарда тутилмоқда. Ушбу хизмат ахборот ва электрон ҳужжатларни алмашиш пайтида электрон рақамли имзонинг имзо қўяётган шахсга тегишли эканлигини аниқлаш имконини беради.

Муҳокамалар сўнггида мазкур масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

 

 

“Халқ сўзи”,
Фото: Сирожиддин Вохидов / “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер