Фуқаро розилигининг яна бир муҳим шарти

18:56 30 Ноябрь 2020 Жамият
221 0

Коронавирус пандемияси хизмат кўрсатиш соҳалари фаолияти, иш ва кун тартибига ҳам ўз ўзгаришларини киритди. Бироқ ҳаётнинг кечиктириб бўлмайдиган ташвиш ва эҳтиёжлари бор. Бугун уларнинг аксарияти Давлат хизматлари агентлиги тизими томонидан қаноатлантирилиб, энг олис ҳудудларда ҳам ўзининг замонавий хизмати билан фуқаролар, айниқса, тадбиркорларнинг оғирини енгил қилмоқда.

Пандемия даврида Навоий вилоятидаги 10 та Давлат хизматлари марказлари ҳам ўз фаолиятини давом эттириб, фуқароларнинг марказларга ташриф буюрмасдан барча давлат хизматларини электрон тарзда яъни, my.gov.uz портали орқали олиш имконияти яратилди. Шу орқали фуқароларнинг вақти, маблағини тежаш билан бирга уларнинг саломатлиги ҳам ҳимоя қилинди.

Вилоятда туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказлари томонидан жорий йилнинг ўтган ўн ойи мобайнида 143 та давлат хизматлари бўйича марказлар орқали жисмоний ва юридик шахсларга жами 209.439 давлат хизматлари кўрсатилиб, шу жумладан 6.564 та тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилди. Уларнинг 3.639тасини юридик шахс мақомига эга бўлмаган тадбиркорлик субъектлари ташкил этади. Шунингдек, 17та хорижий инвестиция иштирокидаги (қўшма ва хорижий) корхона давлат рўйхатидан ўтказилди.

Тизимда коррупцион ҳолатлар, турли таъмагирлик ва сарсон саргардонликларнинг олдини олиш мақсадида фаолият шаффофлиги таъминланган. Фуқаро мурожаатлари ечимида инсон омили имкон қадар чегараланиб, ҳар бир марказда эътироз хатлари ва маълумотлар ташлаш учун алоҳида қутилар ташкил этилган.

Бироқ жамоатчилик учун номаълум бўлган айрим ҳуқуқбузарликлар давлат хизматлари кўрсатилишида фуқароларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётганлиги ҳам бор гап. Яъни, давлат хизматларида марказлари турли ташкилот ва идораларнинг электрон базаларига интеграция қилинган ҳолда белгиланган маъмурий регламентлар асосида хизмат кўрсатар экан, айрим ташкилот ва идораларга тушаётган мурожаатларни кўриб чиқишда регламентга риоя этилмаслик ҳолатларининг учраб туриши аҳоли орасида шикоятларга сабаб бўлмоқда. Хусусан, 2019 йил давомида жами 73 та ташкилотда ўрганиш ўтказилиб, жами 2 653 та қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган бўлса, 2020 йилда Давлат хизматлари марказларидан юборилган махсус хабарлар натижасига кўра, ваколатли идоралар томонидан 323 та ҳолатда қонун бузилиши содир этилганлиги аён бўлди. Мазкур қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан ваколатли идораларга тақдимномалар киритилиб, айбдорларга нисбатан қонуний чоралар қўлланилишига эришилди.

Навоий вилояти демографик географиясига эътибор қаратсак, аҳолининг етмиш фоиздан ортиғи вилоятнинг 30 фоизга етар-етмас ҳудудида истиқомат қилаётганлигини кузатиш мумкин. Қолган 70 фоиз ҳудуддаги 28 фоиз аҳолига хизмат кўрсатиш ҳам бугун ДХА тизими зиммасида. Шу мақсадда ДХА Навоий вилояти бошқармаси, туман(шаҳар) ДХМлари орқали 2020 йил давомида 3500 дан ортиқ сайёр тартибда давлат хизматлари кўрсатилиб, унда вилоятнинг шимолий ҳудуди ҳисобланган Учқудуқ, Томди, Зарафшон, Конимехнинг олис чўл ҳудудларида ҳамда Нурота, Хатирчи туманларининг тоғли ҳудудларидаги фуқароларнинг давлат хизматига бўлган эҳтиёжлари қаноатлантирилди. Фаолиятдаги мобил офис(икки автобус)да адлия, нотариус, ФҲДЁ, банк ҳамда марказ ходимлари жойида сайёр хизмат кўрсатадилар.

ДХМларда фуқаро энг аввало давлат унга хизмат кўрсатаётгани, унинг манфаатларини ҳимоя қилиб, эҳтиёжлари учун қайғураётганини ҳис этиши лозим. Табиийки, бу тизимда янги, замонавий, инновацион бинолар, қулайлик, ходимларнинг кийинишидан тортиб, муомаласигача «мижоз ҳақ, унинг манфаатлари устувор тамойили»га риоя қилинишини талаб этади. Шу мақсадда вилоятимизнинг Конимех, Нурота, Навбаҳор, Учқудуқ, Хатирчи, Қизилтепа туманлари ҳамда Навоий шаҳрида замон талабларига мос, барча қулайликларга эга Давлат хизматлари марказлари бинолари қуриб фойдаланишга топширилди. Ушбу масканлар энг сўнгги русумдаги техник воситалар билан таъминланиб, оптик толали юқори тезликда ишловчи интернет тармоғига уланган. Марказга ташриф буюрувчилар учун барча қулайликлар мавжуд. Она ва бола хонаси, болалар майдончаси, банк шохобчаси, кутубхона, электрон навбат, кутиш зали, кафетерий. Айни қурилиши кетаётган Томди ва Кармана туманлари ҳамда Зарафшон шаҳрида ҳам янги марказ бинолари ҳам йил ниҳоясига қадар фойдаланишга топшириш режалаштирилмоқда.

Таъкидлаш жоиз, давлат хизматлари турли идора ва ташкилотлар билан фуқаролар ўртасидаги ўзига хос кўприк. Кўприк фаолияти эса ҳар доим қатъий тартибни талаб этади.

Беҳзод САФАРОВ,

ДХА Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?