Франция-Ўзбекистон унивеситетлари II форумининг очилиш маросими бўлиб ўтди

19:17 28 Ноябрь 2022 Сиёсат
330 0

Фото: Халқ сўзи

Франция пойтахтида 500 га яқин ректорлар, илмий доира вакиллари ва профессорларни жамлаган «Campus France–2022» ҳамда Франция-Ўзбекистон унивеситетлари II форумининг очилиш маросими бўлиб ўтмоқда.

Форумни «Campus France» ташкилоти раҳбари Донатен Иссард хоним кириш сўзи билан очиб, таълим соҳасида яқиндан ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида ташриф буюрган Ўзбекистон делегациясига алоҳида миннатдорлик билдирди. Сўзга чиққанлар икки давлат ҳамкорлиги, жумладан олий таълим соҳасидаги алоқалар ҳақида тўхталиб ўтди.

Тадбирда сўз олган Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов учрашув ҳар иккала томон учун ҳам ғоят муҳим ва аҳамиятли экани, ўз навбатида, икки давлат ўртасида олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик йилдан йилга кенгайиб, мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида таъкидлади.

«Ушбу форум университетлараро янги тўғридан тўғри алоқалар боғлаш, кадрлар тайёрлаш, таълим ва илм-фан соҳаларида олиб борилаётган жараёнлар борасида фикр-мулоҳаза ва тажриба алмашишга хизмат қилади, – деди А.Тошқулов.

Қайд этилганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистон халқаро ҳамкорликда 100 дан ортиқ хорижий, жумладан АҚШ, Германия, Россия, Белорус, Голландия, Исроил, Италия, Финляндия, Чехия, Хитой, Ҳиндистон, Корея Республикаси давлатларининг нуфузли университетлари билан ҳамкорлик ўрнатиб, қўшма таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлаб келмоқда.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон олий таълим муассасалари Франциянинг Париж халқаро мода академияси, «Вател» меҳмонхона ва туризм бизнес мактаби, ENAC (ENAK) Миллий авиация мактаби, Пантеон-Сарбонна, Страсбург, Сержи Понтуаз, Бордо, Пуате, Лотарингия университетлари билан самарали ҳамкорлик қилмоқда.

Форум ишида университетлараро икки томонлама ҳамкорликни давом эттириш бўйича самарали мунозара, тажриба алмашиш ва истиқболли режалар муҳокама қилинмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?