Франция компанияси томонидан халқаро дам олиш маскани барпо этилади
«Чимён» мавсумий оромгоҳи объектларини лойиҳалаш, илмий-тадқиқот, қурилиш, жиҳозларни етказиб бериш ва ўрнатиш, ишга тушириш бўйича очиқ тендер ўтказилди.
«Белдерсой – Чимён – Нанай» халқаро мавсумий курортини қуриш ва эксплуатация қилиш лойиҳа идораси» давлат унитар корхонаси томонидан «Чимён туристик зонасини қуриш» лойиҳаси доирасида эълон қилинган тендерда Франциянинг «Montagne et Neige Développement» (MND) компанияси ғолиб деб топилди.
Маълумот учун, МНД тоғли ҳудудларда лойиҳаларни амалга ошириш бўйича етакчи саноат гуруҳи бўлиб, 2004 йилдан буён дунёнинг 49 давлатида фаолият юритиб келмоқда. Компания бутун дунё бўйлаб «Курчевел», «Чамоних-Монт-Бланc», «Роса Хутор», «Молесон», «Нарвик» ва бошқа 1500 дан ортиқ лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этган.
Таъкидлаш керакки, мазкур лойиҳа доирасида мавсумий тоғ боғи ҳам ташкил этилади. Бу боғда маҳаллий ва хорижий сайёҳларга очиқ ҳавода ҳордиқ чиқариш учун барча имкониятлар яратилади.
Лойиҳада 2515 метр баландликка кўтариладиган 10 кишилик асосий канал йўли (максимал қуввати – 2000 киши/соат) ва 80 кишилик оралиқ маятник типидаги канал йўли (максимал қуввати – 800 киши/соат) қурилиши ҳам кўзда тутилган.
Қайд этиш жоизки, ҳудуд зиёратчиларни 3309 метр баландликка олиб чиқадиган иншоотлар мавжуд бўлган Марказий Осиёдаги энг баланд нуқтага айланади.
Шунингдек, Франция компанияси томонидан 20 дан ортиқ турдаги қишки ва ёзги аттракционлар, умумий узунлиги 20 км дан ортиқ бўлган 11 та чанғи йўлаклари, меҳмонхона мажмуалари ва коттежлар, 6000 та туристик маскан ҳам барпо этилади.
Мазкур лойиҳа Тошкент вилоятининг туризм инфратузилмасини ривожлантириш, мамлакатимизнинг тоғли ҳудудларида оммавий спортни рағбатлантириш, кенг, қулай шароитлар ва янги иш ўринлари яратишга хизмат қилади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Болливуд юлдузи Мумбайдаги уйида пичоқлаб кетилди
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- ҲАМАС ва Исроил ўт очишни тўхтатишга келишиб олди
- Пойкентдан Ўрта Осиёда энг қадимий саналган металл қуроллар топилди
- Бир хум тилла топиб олинди. Ушбу хазинада Ғарбий Рим империяси императорининг суратлари туширилган 141 дона олтин танга бор
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг