Франклин Темплетон Ўзбекистонга сармоя киритиш ниятида

11:17 01 Апрель 2023 Сиёсат
290 0

Фото: «Халқ сўзи»

Жорий йилнинг 28 март куни Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Франклин Темплетон компаниясининг инвестициялар бўйича бош директори Манраж Сеҳон билан музокаралар ўтказди.

Маълумот учун: Франклин Темплетон 1947 йилда Нью-Йоркда ташкил этилган, 9 мингдан ортиқ ходимга эга глобал инвестиция компанияси. Фаолиятининг асосий йўналиши - компанияларнинг капитали ва активларини бошқариш.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг жорий йил январь ойида Сингапурга давлат ташрифи чоғида эришилган лойиҳа ва келишувларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Хусусан, давлат корхоналарига хорижий инвестицияларни жалб этишнинг янги механизмларини жорий этиш масаласи суҳбат иштирокчилари томонидан қўллаб-қувватланди. Шу тариқа, жорий йилнинг апрель ойи охиригача Миллий инвестиция жамғармасини ташкил этиш, шунингдек, компаниянинг Тошкент шаҳрида ваколатхонасини очиш бўйича келишувга эришилди.

Давлат корхоналарини трансформациялаш ва таркибий ўзгартириш жараёнлари самарадорлигини таъминлаш мақсадида Сингапур компанияси Ўзбекистонга юқори малакали мутахассисларни юборади.

Томонлар яқин ойларда Жамғарма акцияларини «Тошкент» Республика фонд биржасига жойлаштиришга келишиб олдилар. Ушбу босқич АҚШ, Европа Иттифоқи ва бошқа мамлакатларнинг йирик инвесторларини жалб қилиш, шунингдек, кенг жамоатчиликни фонд бозорига сармоя киритишга жалб этишга қаратилган чора-тадбирлар комплексини амалга оширишда биринчи босқич бўлади.

Йиғилиш якунлари бўйича тегишли «Йўл харитаси» келишиб олинди ва эришилган келишувлар ва вазифалари лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишдан иборат ишчи гуруҳ тузиш бўйича якдил қарорга келинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер