Фракция аъзолари қандай таклифлар берди?

20:17 30 Ноябрь 2020 Сиёсат
218 0

2020 йил 30 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Адолат» СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши видеоконференсалоқа шаклида бўлиб ўтди.

Унда фракция аъзолари томонидан «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги, «2021 йил учун солиқ сиёсатининг асосий йўналишлари қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ҳамда «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.

Дастлаб фракция аъзолари «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда киритилган ҳолатини муҳокама қилишди. Депутатлар томонидан Давлат бюджетининг шакллантирилишида 2021 йил биринчи ярим йилликда харажатлар ва даромадлар кўрсаткичи пандемия даврининг давом этиш кўрсаткичларидан келиб чиққан ҳолда шакллантирилгани ижобий ҳолат сифатида баҳоланди.

Шунингдек, фракция аъзолари «2021 йил учун солиқ сиёсатининг асосий йўналишлари қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасига ҳам бир қатор таклифлар беришди. Жумладан, бугунги пандемия ва инқироз даврини ҳамда кўпгина иқтисодиёти жадал ривожланаётган мамлакатларда истеъмол товарларига солиқларни оширмаслик сиёсатидан келиб чиққан ҳолда нефть маҳсулотлари, тамаки ва алкоголь маҳсулотларига акциз солиғини қўллаш масаласини яна бир бор кўриб чиқиш зарурлиги таъкидлаб ўтилди.

Шу билан биргаликда пандемия шароитидаги инфляцияни ҳисобга олган ҳолда уй-жойлар, квартиралар ва дала ҳовлилар учун қўлланилаётган солиқ сиёсатини пандемия даври учун қўллаш масаласини ҳам қайта кўриб чиқиш таклиф этилди.

Фракция аъзолари томонидан Капитал бозорни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармасига қимматли қоғозларнинг номинал қийматини ошириш учун қимматли қоғозлар чиқарилишини давлат рўйхатидан ўтказиш учун йиғимлар йиғиб олиш йўли билан Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлигининг институционал салоҳиятини кучайтиришга қаратилган «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам атрофлича кўриб чиқилди.

Депутатлар қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида қимматли қоғозларнинг чиқарилишини давлат рўйхатидан ўтказишда эмитент томонидан тўланадиган маблағлар эндиликда Капитал бозорни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармасига тўланиши ҳисобига давлат бюджетига тушадиган тушимнинг камайиш ҳолатини чуқур таҳлил қилиш ва халқаро тажрибани ҳам кенг қамровли тарзда ўрганиш зарурлигини таъкидлашди.

Қизғин баҳс ва мунозаралар сўнг, кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?