«Фориш» полигонида «Дала ошхонаси» ва «Қуролсоз уста» мусобақалари бўлиб ўтмоқда

15:06 17 Август 2022 Жамият
192 0

Фото: Халқ сўзи

Жиззах вилоятидаги «Фориш» полигонида «АрМИ-2022» VIII халқаро армия ўйинлари доирасида Ўзбекистон мезбонлик қилаётган «Дала ошхонаси» ва «Қуролсоз уста» мусобақалари бўлиб ўтмоқда.

Мусобақаларнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги, Жиззах ҳарбий гарнизони вакиллари, вилоят ҳокимлиги, фахрий ҳарбийлар, ёшлар ва кенг жамоатчилик иштирок этди.

Дастлаб «АрМИ – 2022» VIII халқаро армия ўйинларида иштирок этаётган жамоалар ўз давлати байроғи билан майдонга саф тортиб кириб келишди. Ҳарбий оркестр марши садолари остида Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи ва Халқаро армия ўйинлари байроғи тантанали равишда олиб кирилди.

Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий оркестрининг кўргазмали дефилеси, таниқли бадиий жамоалар ва санъаткорлар ижросидаги катта концерт дастури ҳамда турли халқлар маданиятини ифода этувчи бадиий чиқишлар намойиш қилинди. Қуролли Кучлар академияси курсантлари қурол билан кўргазмали чиқишларни ижро этди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилда Ўзбекистон республикаси Мудофаа вазирлиги жамоалари «АрМИ-2022» ўйинларининг 20 йўналишида иштирок этмоқда. 34 йўналишни қамраб олган мусобақаларда дунёнинг 37 давлатидан жами 250 жамоа қатнашмоқда. 13 августда старт олган «АрМИ-2022» халқаро армия ўйинлари 12 та давлат ҳудудида 27 августга қадар давом этади.

Толибжон ЭРГАШEВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер