Физика фанининг ўқув дастурларини такомиллаштириш бўйича вазифалар белгилаб олинди

11:07 14 Май 2021 Жамият
376 0

Яқинда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясида физика фани бўйича узлуксиз таълим дастурларининг муҳокамасига оид давра суҳбати ташкил этилди.

Унда Таълим инспекцияси, Фанлар академияси, Республика таълим маркази масъул ходимлари, Ўзбекистон миллий университети,Тошкент давлат педагогика университети, Самарқанд давлат университети, Тошкент давлат техника университети, Ўз ФА Физика-техника институти, Ўз ФА Астрономия институти, Урганч давлат университети, Чирчиқ давлат педагогика институти, Тошкент ахборот технологиялар университети профессор-ўқитувчилари ҳамда физика фанидан ўқув дастурларининг узлуксизлиги ва узвийлигини таъминлаш бўйича жалб этилган экспертлар ва олимлар иштирок этишди.

Тадбир давомида физикани ўқитиш бўйича фан дастурларини такомиллаштириш, ривожланган мамлакатларнинг илғор тажрибаларини сингдириш ва халқаро тадқиқотларга мослаштириш юзасидан қатор масалалар муҳокама қилинди.

Таълим инспекцияси бошлиғи, физика-математика фанлари доктори, профессор Улуғбек Ташкенбаев давра суҳбатини кириш сўзи билан очиб берар экан, узлуксиз таълим тизимида физика фани ўқитилишининг бугунги кундаги ҳолати ва истиқболда амалга оширилиши лозим бўлган ишларга тўхталиб ўтди.

— Хабарингиз бор, давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга ва халқимизга қилган мурожаатномасида физика ва чет тилларини ўрганишни устувор йўналиш этиб белгилаб бердилар. Жорий йилнинг март ойида Президентимизнинг «Физика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида ҳам долзарб йўналишлар белгиланди.

Буларнинг барчаси бекорга эмас, чунки физика қонуниятларини чуқур эгалламасдан туриб, машинасозлик, электротехника, IT, сув ва энергияни тежайдиган технологиялар каби бугун замон талаб қилаётган соҳаларда натижага эришиб бўлмайди.

Биз иқтисодиётимизни ривожлантиришни бошқа мамлакатлар билан рақобатга киришишни мақсад қилган эканмиз ёшларимизга физика фанини ҳам мактабдан бошлаб сифатли ўқитишни йўлга қўйишимиз зарур. Бунинг учун эса аввало мавжуд ўқув дастурларини ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганган ҳолда такомиллаштиришимиз зарур. Шунинг учун республикамиздаги физика фани бўйича етук олимлардан «Узлуксиз таълим дастурлари» мажмуасини тўлиқ таҳрирдан ўтказиш ҳамда физика фани ривожи учун такомиллаштириш бўйича таклифларингизни беришларини сўраймиз, — деди Таълим инспекцияси бошлиғи.

Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда физика фани бўйича мавжуд ўқув дастурларини таҳлил қилиш ва такомиллаштириш бўйича 30 нафар энг тажрибали ва малакали олимлардан иборат ишчи гуруҳлар ташкил этилди ва физика фанининг узлуксиз таълим тизимидаги ўқув дастурлари ўрганиб чиқилди. Мазкур фан концепциялар ва ўқув дастурлари лойиҳалари Фанлар академияси Ядро физикаси институти, Самарқанд ва Урганч давлат университетлари ва Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармасига экспертизага берилган.

Физика фани бўйича ишчи гуруҳ амалиётчи олимлар ва педагоглар билан ҳамкорликда ўрганишлар натижасига кўра, бугунги кунда мазкур фан бўйича такрорланган мавзулар 15 та, узвийлиги таъминланмаган мавзулар 19 та, янгиланиши зарур мавзулар 47 та, олиб ташланадиган мавзулар 1 та, халқаро тадқиқотлар бўйича киритиладиган мавзулар 54 та, бошқа таълим турига ўтказиладигани 35 та эканлиги аниқланди.

Мазкур кўрсаткичлардан келиб чиққан ҳолда, фан дастурини такомиллаштириш концепцияси ишлаб чиқилди. Ушбу концепция бўйича яратилган ўқув дастурлари Таълим инспекциясининг uzviylik.tdi.uz муҳокама порталига жойлаштирилди. Бугунги кунга қадар концепцияни янада такомиллаштириш бўйича фуқаролар томонидан 100 дан ортиқ таклифлар билдирилди.

Экспертиза хулосалари асосида Концепция ва ўқув дастурлар такомиллаштирилди ҳамда яхлит физика фанидан «Узлуксиз таълим дастурлари» лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Тадбир давомида ҳар бир таълим босқичи мутахассислари умумий ўрта мактабларида, академик лицей, профессионал ва педагогика олий таълим тизими физика фани бўйича узлуксизлик ва узвийликни таъминлаш бўйича амалга ошираётган ишлар бўйича тақдимотлар ўтказилди.

Муҳокамалар жараёнида физика фани ўқитишдаги мавжуд муаммолар ва истиқболдаги вазифаларга ҳам тўхталиб ўтилди.

Хусусан, экспертлар томонидан бугунги кунда физика фани бўйича амалдаги ўқув дастурларида назарияга кўпроқ эътибор қаратилгани ва амалиётга камроқ соат ажратилгани ўқувчиларда амалий кўникмалар шаклланмаслигига, ёшларда мазкур фанга бўлган қизиқиш камайиб кетишига сабаб бўлаётгани таъкидланди.

Шунинг учун халқаро тажрибадан келиб чиқиб янги ўқув дастурларида амалиётга кўпроқ эътибор қаратилаётгани, хусусан умумий ўрта таълимнинг миллий ўқув дастурининг яратишда физикани ўқитиш соҳасида муайян ютуқларга эришган бир қанча ривожланган Финляндия, Сингапур, Япония, Буюк Британия, АҚШ, Россия, Беларус каби давлатлар тажрибалари мутахассислар ва амалиётчи ўқитувчилар томонидан ўрганилгани ва таҳлил қилингани айтиб ўтилди.

Ўз навбатида амалий машғулотлар учун таълим муассасаларини сифатли лаборатория ускуналари билан жиҳозлаш зарурлиги таъкидланди.

Тадбир якунида, физика фани бўйича ўқув дастурларини такомиллаштиришда ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар юзасидан фикр алмашиниб, тегишли вазифалар белгилаб олинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?