“Financial Times”: “Буюк Ипак йўлини ҳис қилиш учун Регистон майдонида бир лаҳза бўлиш кифоя”

18:18 26 Ноябрь 2018 Жамият
2028 0

Буюк Британиянинг нуфузли “Financial Times” газетасида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятига бағишланган мақола чоп этилди.

“Қадим замонларда Буюк Ипак йўлидаги жавоҳир-шаҳарларни бориб кўриш учун одамлар карвонларда ойлаб йўл босганлар. Энди туя карвонларини унутинг. Самарқанднинг мовий гумбазларини бориб кўришга бир неча соат етарли”, деб ёзади унинг муаллифи, таниқли трэвл-журналист Жереми Хед.

Журналистнинг фикрича, яқин-яқингача ўзбек заминига келишда маълум қийинчиликлар мавжуд бўлиб, хусусан, виза олиш тартиби мураккаб эди, ички транспорт инфратузилмасида муаммолар учрарди. Аммо сўнгги йилларда республикада барча соҳада жадал ўзгаришлар юз бермоқдаки, туризм жабҳаси ҳам янги поғонада ривожланаётир.

“Масалан, виза олиш тартиби мутлақо соддалаштирилди, электрон визалар жорий қилинмоқда. Пойтахт Тошкентни Самарқанд, Бухоро, Хива каби тарихий шаҳарлар билан боғлайдиган транспорт тизими ҳам яхшиланди. Буларнинг барчаси сайёҳларнинг вақтини тежашга хизмат қилади. Жумладан, мен Лондоннинг Хитроу аэропортини кечки соат 18.00 да тарк этиб, Тошкентга келиб, Бухоро ва Самарқандга тезюрар поездда бориб, саёҳат қилиб, сешанба куни соат 17.00да Лондонда иш жойимда эдим. Фантастика!”, дея ўз ҳайрати билан ўртоқлашади “Financial Times” мухбири.

Тошкентдан Самарқандгача бўлган 344 километр масофани тезюрар поезд икки соатда босиб ўтганини ҳикоя қилар экан, Жереми Хед йўл чарчоғини умуман ҳис қилмаганини, аксинча шинам ва сокин поездда ҳар томонлама ором олганини таъкидлайди.

Мақолада юртимизнинг тарихий шаҳарлари, шу жумладан, Самарқанд ва Бухоронинг меъморий обидалари, уларнинг маҳобати ва гўзаллиги катта завқ ила тавсифланади. Хусусан, Буюк Ипак йўлининг тарихини билиш ва ҳис қилиш учун Регистон майдонида бир лаҳза бўлиш кифоя, дейди журналист.

“Бир неча йил олдин Бухорода эликка яқин меҳмонхона фаолият юритган бўлса, бугун уларнинг сони бир юз элликдан ошди ва тобора кўпайиб бормоқда. Бу табиий жараён. Зеро, Ўзбекистон олиб бораётган очиқлик сиёсати туфайли мамлакатга сайёҳлар оқими кўпайиб, меҳмонхоналарга эҳтиёж эса ортиб бормоқда”, дейилади мақолада.

Анвар МИРЗАЕВ (“Халқ сўзи”) тайёрлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?