Фидойи устоз хотираси ёд этилди
Фото: Халқ сўзи
— Ўтган асрнинг 60- йиллари эди, — дея эслайди жондорлик кекса муаллим, 81 ёшли Жўра Жўраев. — Бухоро давлат педагогика институти (ҳозирги БухДУ) да ўқирдим. Хотирам жуда кучли эди. Баҳоларим - «аъло». Аммо мантиқ фанидан имтиҳон топширар маҳалимиз бизга сабоқ берган ўқитувчини малака оширгани Тошкентга юборишди. Ўрнига бизни тузукроқ билмаган домла имтиҳон олди. Ўзимга ишончим кучлилиги боис саволларга тайёргарлик кўрмаёқ жавоб бермоқлик учун ўқитувчидан изн сўрадим. Рози бўлди. Лекин жавобларимни тинглагач, «4» баҳо қўйишга чоғланди. Кўнмадим. Қўшимча саволлар берди. Жавоб бердим. Қайси манбага таянганимни сўраганди, столида турган китобга ишора қилиб, «141- саҳифада шундай деб ёзилган», дея жавоб қайтардим.
Ўқитувчи «Бу фанни менинг ўзим ҳам «5» баҳога билмайман. Сизга «4» қўяман», деб туриб олди. Узоқ тортишдик. Бир маҳал эшик очилиб кутилмаганда институт ректори, профессор Жума Намозов кириб келди. Ректор ўқитувчига қараб, «Домла, мен бу талабанинг қўшимча саволларингизга берган жавобларини эшик ортида тинглаб турдим. Мабодо, «10» баҳо қўйиш имкони бўлганида мен бу баҳони шу йигитчага раво кўрган бўлур эдим», деди.

Имтиҳондан қушдай енгил бўлиб чиқдим. Кейин билсам, бизнинг тортишувимизни кимдир кабинети сал нарида жойлашган ректорга етказган, у киши атайин келиб баҳснинг нима билан якунланишини кузатиб турган экан. Ўшандан буён «Устоз» дейишганида Жума Намозовга ўхшаб ёшларни қўллаб - қувватлаган, шогирдларига қўл – қанот бўлган инсонлар кўз олдимга келади.
Дарҳақиқат, институтга оз эмас, кўп эмас, 17 йил давомида ректорлик қилган Ж. Намозов кўпчиликнинг ёдида адолатпарвар, фидойи, ажойиб ташкилотчи сифатида қолган. Шу ўринда биргина мисол. Бухоро давлат университетининг ҳозирги муҳташам ўқув бинолари, талабалар ётоқхоналари айнан шу инсоннинг елиб-югуриши, ташкилотчилиги ортидан бунёд этилган.
— Жума Намозов 1922 йилнинг 12 ноябрида Қизилтепа туманида туғилган, — дейди устознинг шогирди, БухДУ профессори, тарих фанлари доктори Сулаймон Иноятов. — Мактабда «аъло» баҳоларда ўқиган. Қўлидан китобу газета- журналлар тушмаган. Билими, зукколигини ҳисобга олган халқ таълими масъуллари ўрта мактабни тугатган заҳоти уни ўқитувчи сифатида ишга қабул қилганлар. Бунақаси камдан-кам бўлган.
Президентимиз шу йил 1 октябрь-Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан йўллаган табригида «Муаллимнинг обрў-эътибори — бу, аввало, миллатнинг, бутун халқнинг обрў- эътиборидир», деган сўзлар бор. Бу эътироф нафақат биз, балки бугун орамизда бўлмаган устоз ва мураббийларга ҳам берилган юксак баҳодир. Агар иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Жума Намозов ҳаёт бўлганида бугун 100 ёшга кирган бўлур эди.
Шу муносабат билан Бухоро давлат университетида хотира кечаси ўтказилди. Тадбирда университет ректори, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Обиджон Ҳамидов ҳамда Жума Намозовнинг шогирдлари, ҳамкасблари сўз олиб, устознинг инсоний фазилатлари, юксак ташкилотчилиги, бағрикенглиги ҳақида гапирдилар. Университет профессор – ўқитувчилари, Ж. Намозовнинг ёр- биродарлари, талаба – ёшлар иштирок этган тадбирда устоз ҳақидаги хотиралар жамланган китоб тақдимоти ҳам ўтказилди.
Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Матонатли Марям” фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- Reuters: Асаднинг Москвадаги тарафдорлари Сурияда қўзғолон режалаштирмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг