ФИДE Жаҳон кубоги — 2021: қизларимиз курашни тўхтатди, йигитларимизни эса иккинчи босқичда жиддий рақиблар кутиб турибди

12:33 15 Июль 2021 Спорт
999 0

Хабарингиз бор, шу кунларда Россиянинг Сочи шаҳрида шахмат бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида ФИДE Жаҳон кубоги баҳслари давом этмоқда.

Афсуски, қизларимиз умумий мукофот жамғармаси 676 250 долларни ташкил этувчи ҳамда дунёнинг 103 нафар кучли шахматчилари дона сураётган мусобақанинг илк босқичидаёқ мағлубиятга учраб, Жаҳон кубогидаги иштирокини якунлашди.

Жумладан, Нилуфар Ёқуббоева биринчи давранинг илк баҳсида рақибаси перулик Дейси Кори Телио билан дуранг ўйнаган бўлса, иккинчи партияда имкониятни бой берди. Умида Омонова эса ўзидан рейтинги анча юқори бўлган Мўғулистон терма жамоаси аъзоси Батхи Монгонтуул қаршисида ожиз қолди.

Дунёнинг энг кучли шахматчиси Магнус Карлсен ҳам иштирок этаётган эркаклар ўртасидаги мусобақанинг умумий мукофот жамғармаси 1 892 500 долларни ташкил қилади. Ғолиб якунда 110 000 долларга эга бўлади.

Қувонарлиси, эркаклар ўртасидаги баҳсларда ўз иштирокини давом эттираётган ёш ва истеъдодли шахматчиларимиз Жаҳонгир Воҳидов, Шамсиддин Воҳидов, Нодирбек Ёқуббоев, Жавоҳир Синдаров ва Нодирбек Абдусатторовларнинг барчаси илк босқичда ғалаба қозониб, 1/64 финалга йўл олишди.

Дунёдаги иккинчи ёш гроссмейcтер мақомини олган Нодирбек Абдусатторов индонезиялик рақиби Муҳаммад Эрван Сочига етиб келмагани боис, тўғридан-тўғри иккинчи босқичга йўл олганидан хабарингиз бор.

Ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпиони Жавоҳир Синдаров АҚШ вакили Танг Эндрюни 1,5:0,5, Жаҳонгир Воҳидов эса грузиялик Леван Пантсулаяни 1,5:0,5, Нодирбек Ёқуббоев канадалик Разван Преотуни 1,5:0,5 ҳамда Шамсиддин Воҳидов яна бир грузиялик шахмат устаси Лука Пайчадзени 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратди.

Бироқ, йигитларимизга иккинчи босқичда ҳавас қилиб бўлмайди ва бу босқичда уларга омад асло халақит бермайди. Чунки, вакилларимиз қаршисида дунё тан олган шахмат усталари, жумладан россиялик Сергей Карякин, Испания терма жамоаси аъзоси Перес Домингес, чех шахматчиси Давид Навара, асли эронлик, лекин мусобақада Франция номидан қатнашаётган Алиризо Фирузжалар бор.

Биргина Нодирек Абдусатторов иккинчи босқич олдидан бироз енгил тин олиши мумкин. Ҳар ҳолда ҳиндистонлик Аравиндҳ Читамбарам Абдусатторов учун ошиб бўлмас довон эмас. Бироқ, барча масала шахмат тахтаси устида ҳал бўлади.

Биз иккинчи босқич ўйинларида барча шахматчиларимизга омад ва зафарлар ёр бўлишини тилаймиз.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер