Фестивал доирасида шахмат турнири, ижодий учрашув, бизнес-марафон, ММА мусобақаси ва галаконцент ташкил этилди

22:41 13 Июнь 2021 Жамият
1017 0

«Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!» шиори остида Самарқандда ўтаётган ёшлар фестивалининг учинчи куни ҳам ранг-баранг учрашув ва лойиҳаларга бой бўлди.

Фестиваль доирасидаги тадбирларда жисмоний имконияти чекланган йигит-қизлар ҳам эътибордан четда қолмади. Самарқанд туманидаги Конигил туризм қишлоғида ногиронлиги бўлган ёшлар ўртасида спортнинг шахмат тури бўйича ташкил этилган мусобақада вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан келган 40 нафарга яқин 16 ёшдан 30 ёшгача бўлган йигит-қизлар иштирок этишди.

— 15 йилдан буён спортнинг шахмат тури билан шуғулланиб келаман, — дейди Оқдарё туманида яшовчи 1-гуруҳ ногирони Акбар Ибрагимов. — Кўпгина мусобақада иштирок этиб, ғолиб бўлганман. Шахмат ақлни чархлайди. Жисмоний имкониятим чекланган бўлсада, хотирам яхши, катта шеърларни 2-3 ўқишда ёдлаб оламан.

Тадбирда шунингдек, хонанда Улуғбек Раҳматуллаев билан ижодий учрашув ҳам ташкил этилди.

Ёшлар фестивали доирасида «Ургут эркин иқтисодий зонаси»да тадбиркорликка қизиқувчи йигит-қизлар учун «Бизнес марафон» ўтказилди. Вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан келган 200 нафардан ортиқ ёшлар тадбир давомида “YEC GILAM”, “MIKRO METAL”, “IDEAL ELECTROLUX” корхоналари фаолияти билан яқиндан танишдилар. Тажрибали тадбиркорлар ёшларга муваффақиятга эришиш сирлари ҳақида сўзлаб беришди. Шунингдек, марафон доирасида бўш иш ўринлари ярмаркаси ва банклар фаолиятига оид кўргазма ҳам ташкил этилди.

Ёшлар фестивали доирасида Оқдарё туман марказий Истироҳат боғининг Ҳумо амфитеатрида спортнинг «ММА» тури бўйича мусобақа ҳам ташкил этилди.

«Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!» шиори остидаги ёшлар фестивалининг Самарқанд халқаро аэропорти ёнидаги майдонда ўтаётган якуний галаконцерти вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ва Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаевларнинг кириш сўзи билан бошланди.

Давлатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги олдидан ўтказилаётган фестивалнинг якуний қисмида 30 мингга яқин ёшлар иштирок этаётгани таъкидланди.

Тадбирда фаол ёшлар ва уларни қўллаб-қувватлашда ташаббус кўрсатган раҳбарлар ҳам тақдирландилар.

Фестиваль тадбирлари давом этмоқда.

Абдулазиз Йўлдошев
(Халқ сўзи)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер