Фенилкетонурияга чалинган болалар учун юртимизда ишлаб чиқарилмайдиган махсус озиқ-овқат маҳсулотлари божхона божидан озод қилинади

17:57 04 Январь 2024 Жамият
346 0

Президентимизнинг “Оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра:

2024 йил 1 сентябрга қадар Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказида замонавий ҳамда халқаро талабларга жавоб берадиган энг илғор диагностика ва даволаш стандартлари амалиётга жорий этилиб, ёрдамчи репродуктив технологиялар усуллари йўлга қўйилади.

Шунингдек:

Марказ ёрдамчи репродуктив технологиялар усулларини қўллаш бўйича замонавий клиник протоколлар ва стандартлар ишлаб чиқади ҳамда ушбу йўналишдаги барча тиббиёт ташкилотлари фаолиятини услубий жиҳатдан мувофиқлаштиради;

2024 йил 1 октябрдан бошлаб ҳар йили 100 тагача имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотлари томонидан ёрдамчи репродуктив технологиялар усуллари муваффақиятли қўлланганда ушбу амалиётни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси орқали қоплаб берилади.

Бундан ташқари:

2026 йил 1 январга қадар қарор асосида тасдиқланган дастурлар доирасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва “Соғлом авлод учун” ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фонди томонидан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган тартибда тасдиқланган рўйхат бўйича четдан олиб кириладиган юқори технологик диагностика тиббиёт ускуналари, бутловчи буюмлар, реагентлар, зарур материаллар, дори воситалари ва болалар учун махсус озиқ-овқат маҳсулотлари;

фенилкетонурияга чалинган болалар учун Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган махсус озиқ-овқат маҳсулотлари божхона божидан озод қилинади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?