Фарзандга илму маърифатдан бошқа катта мерос қолдириб бўлмайди

18:32 24 Сентябр 2021 Жамият
1295 0

Фото: "Халқ сўзи"

Бухорода «Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессансга муносиб пойдевор яратилмоқда» лойиҳаси доирасида республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди.

Мазкур тадбир Президентимизнинг 2021 йил 26 мартдаги «Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, шунингдек, мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш борасида олиб борилаётган ишларни ёшлар орасида кенг тарғиб етиш ҳамда таълим муассасаларида юксак маънавий-ахлоқий фазилатли, билимли кадрларни тайёрлашга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилди.

Давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, илм-фан намояндалари, олим ва зиёлилар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашган анжуманда республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, сенатор Минҳожиддин Мирзо онлайн зоом орқали сўз олиб маънавий юксалишнинг тарихий илдизлари ҳақида атрофлича сўз юритди. Шундан сўнг Учинчи ренессанс асосларининг намоён бўлишида маънавиятнинг ўрни, ёшларнинг ижтимоий-маънавий тафаккурини шакллантиришда Шарқ уйғониш даври алломаларининг қарашлари, Янги Ўзбекистонда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини, маънавий тарбия узвийлигини таъминлашда маънавият-маърифат тарғиботчиларининг роли, илм-фанни ривожланишида бухоролик олимларнинг қўшган ҳиссаси, "Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари» ғоясини кенг тарғиб этиш орқали жамиятда соғлом дунёқараш ва бунёдкорликни умуммиллий ҳаракатга айлантиришнинг долзарб масалалари каби мавзуларда маърузалар тингланди.

— Бугунги анжуман Мир Араб мадрасасида ўтказилаётгани бежиз эмас, — дейди тадбир иштирокчиси, юридик фанлари доктори, профессор, «Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзоси Феруза Муҳитдинова. — Бухоро азал-азалдан маънавият ва маърифат бешиги саналган. Бу анъана давом этаётганини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Тадбирдан кўзланган мақсад эса аҳолисининг асосий қисмини ёшлар ташкил этадиган республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотларни аҳоли онгу шуурига сингдиришдан иборат. Токи, ҳар бир ота-она Ренессансни ўз уйида, остонасида кўрсин. Ҳар бир оила шуни англаб етсин: Фарзандга илму маърифатдан бошқа катта мерос қолдириб бўлмайди. Бир сўз билан айтганда, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни кузатувчиси эмас, иштирокчиси бўлмоқ айни муддаодир.

«Янги Ўзбекистонда ижтимоий – маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашнинг долзарб масалалари» мавзуидаги мазкур конференцияда олимлар, тадқиқотчилар ва тарғиботчилар томонидан фойдали таклифлар ўртага ташланди. Анжуман материалларидан иборат тўпламнинг тақдимот маросими ҳам ўтказилди.

Анжуман Республика Маънавият ва маърифат маркази, Олий Мажлис ҳузуридаги нодавлат ва нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти, «Маърифат» тарғиботчилар жамияти, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Бухоро вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.

Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?