Фарғонадаги пахта-тўқимачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари раҳбарлари Туркиянинг бу соҳадаги тажрибасини яқиндан ўрганади

17:47 08 Август 2022 Жамият
296 0

Фото: Халқ сўзи

Фарғона вилоятида фаолият олиб бораётган пахта-тўқимачилик кластерлари ҳамда соҳага ихтисослашган тажрибали фермер хўжаликлари раҳбарларидан иборат делегация Туркияга ташриф буюради.

Келишувга кўра, 9-13 август кунлари Фарғона вилояти делегацияси Туркиянинг Çukurova университети қошидаги пахтачилик илмий-текшириш институти ҳамда “Dataem” пахтачилик илмий-тадқиқот институти фаолияти билан яқиндан танишади. Ташриф давомида хусусий секторда етиштиштирилаётган пахта далаларида ўрганиш ишларини олиб бориш ҳам режалаштирилган. Шунингдек, Адана вилоятида жойлашган “CANSA” пахта териш машиналари ишлаб чиқариш корхонаси, шу билан бирга пахтани қайта ишловчи ҳамда уруғлик пахта етиштирувчи компаниялар, текстиль фабрикаларида бўлиш режалаштирилган.

— Яқинда Президентимиз раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Туркиянинг пахта майдони Ўзбекистондан икки карра камлиги, лекин толани мамлакатимиз билан деярли тенг ҳажмда ишлаб чиқариши таъкидланган эди, — дейди Фарғона вилояти ҳокимлиги котибият мудири Азимжон Юлдашев. — Бу илм-фан ютуқлари, замонавий технологиялар амалиётга кенг жорий этилаётгани самарасидир. Қолаверса, Туркияда тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасида текстиль корхоналари фаолияти яхши ривожланган.

Туркияга ташриф давомидаги таассурот ва тажрибалар асосида вилоятдаги пахта-тўқимачилик кластерлари қошида саноат ва текстиль корхоналари фаолиятини кенгайтириш, салоҳиятини ошириш ва тадбиркорликни жаҳон андозалари даражасидан ривожлантириш асосий мақсад қилиб белгиланган.

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер