Фарғонадаги касб-ҳунарга ўқитиш маркази машғулотлари Корея ўқув дастурлари асосида олиб борилади

14:36 02 Июнь 2022 Жамият
213 0

Фото: «Халқ сўзи»

Фарғона шаҳрида Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги – KOICA билан шерикликда ташкил этилган касб-ҳунарга ўқитиш маркази тантанали равишда фойдаланишга топширилди.

Тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, Корея Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ким Хи Санг, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Муҳитдинов, Корея халқаро ҳамкорлик агентлигининг Ўзбекистондаги офиси директори Пак Сунжин, вилоятда фаолият олиб бораётган Корея компаниялари раҳбарлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.

Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш марказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги томонидан 9 миллион 320 минг доллар миқдорида инвестиция киритилиб, замонавий ўқув биноси, ётоқхона, ошхона ва спорт залидан иборат мажмуа барпо этилди. Марказга барча замонавий ускуна ва жиҳозлар Жанубий Кореядан олиб келинди. Ўқув машғулотлари ҳам Корея дастури ва қўлланмалари асосида олиб борилади.

Марказда 5 та – электроника, ахборот технологиялари, автомобилсозлик, тикувчилик ва косметология таълим йўналишларида мутахассислар тайёрланади. Ўқув марказида бир йилда 6-8 ойлик курсларда қарийб 500 нафар ишсиз фуқаро касбга ўқитилади.

Янги марказ Фарғона водийси вилоятлари аҳолисига хизмат кўрсатиши режалаштирилган.

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер