Фарғонада замонавий шаҳарчалар сони яна биттага ортди

15:22 17 Август 2022 Жамият
296 0

Фото: Халқ сўзи

Фарғона вилояти Тошлоқ туманидаги «Ахшак» МФЙ ҳудудида замонавий шаҳарча – янги даҳа фойдаланишга топширилди.

Тантанали тадбирда иштирок этган Фарғона вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров барчани мамлакатимиз мустақиллигининг 31 йиллиги билан самимий табриклаб, кейинги йилларда Президентимиз ташаббуси билан нафақат вилоят марказлари, балки туманларда ҳам кўп қаватли уйлардан иборат замонавий шаҳарчалар бунёд этилаётгани ва бу халқимизнинг турмуш даражасини, фаровонлигини оширишга хизмат қилаётганини мамнуният билан таъкидлади.

Янги шаҳарчада қисқа муддатда 270 та хонадондан иборат 12 та кўп қаватли уй, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шоҳобчалари, мактабгача таълим ташкилоти, болалар ва спорт майдончалари, маҳалланинг маъмурий биноси қуриб битказилди.

Янги даҳадаги 90 хонадонга мўлжалланган 3 та 5 қаватли уй «Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компанияси томонидан қурилди. 9 та уй тадбиркорлар маблағлари ҳисобидан қад ростлади. Уйлар қурилишига қарийб 60 миллиард сўм сарфланди.

Шу куни шаҳарчада ижтимоий ҳимояга муҳтож уч оила тўловларсиз уй-жойли бўлган бўлса, тумандаги пахта-тўқимачилик кластери томонидан беш нафар ёлғиз аёлга уй олиш харажатларининг 50 фоиз маблағи тўлаб берилди.

— Ёлғиз қизим бор ва ногирон, — дейди янги уй эгаларидан бири Ҳамрохон Отабоева. — Субсидия асосида уйнинг бошланғич тўлови тўлаб берилгани мен учун катта имконият. Шунингдек, вилоят ва туман ҳокимлиги уй-рўзғор буюмлари ва бошқа қимматбаҳо совғалар топширгани бизни янада хурсанд қилди. Бугун кўп йиллик орзуларимиз рўёбга чиқиб, Мустақиллик байрамини ўзимизнинг янги уйимизда қўшалоқ тантана қилиб нишонлайдиган бўлдик.

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер