Фарғонада «Янги Ўзбекистон» даҳасидаги янги уйлар Наврўз байрами арафасида фойдаланишга топширилади

17:21 11 Январь 2023 Жамият
676 0

Фото: Халқ сўзи

Айни пайтда Фарғона шаҳрида қад ростлаётган «Янги Ўзбекистон» даҳасининг дастлабки босқичида 4 минг 300 хонадондан иборат 80 та кўп қаватли уйлар қурилиши жадал суръатда билан олиб борилмоқда. Бу йилги Наврўз байрами арафасида бир гуруҳ ҳамюртларимизнинг янги уйларга кўчиб ўтиши режалаштирилган.

— Табиий-иқлим шароити ўрганилиб, геология-қидирув ишлари натижасида бу ерда жаҳон андозалари даражасида 7 қаватдан 25 қаватгача бўлган уйлар қурилиши кўзда тутилган, — дейди Фарғона вилояти қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси бошлиғи Лазизбек Позилов. — Шу мақсадда вилоят ҳокимлиги делегацияси таркибида қурувчи-тадбиркорларимиз билан бирга Жанубий Корея, Туркия, Япония тажрибасини ўрганиб келдик.

Лойиҳага кўра, янги даҳада 2025 йилга қадар 60 минг, яқин истиқболда 150 минг аҳоли яшашига мўлжалланган замонавий шаҳарча қад ростлайди. Барча коммуникация – ички йўллар, электр ва иссиқлик таъминоти, ичимлик ва оқова сув тармоқлари харажати тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилади. Ўз навбатида ҳудудда 6 та мактаб, 10 та мактабгача таълим ташкилоти, 2 та оилавий поликлиника, кўп тармоқли тиббиёт маркази, 4 минг ўринли амфитеатр, маданий иншоотлар, сунъий кўл, канал қурилади. Шунингдек, 70 гектар майдонда «Янги Ўзбекистон» боғи барпо этилмоқда.

 

— Коммуникация харажатлари давлат ҳисобидан бўлаётгани уйларни деярли тенг яримига арзон бўлишини таъминлаяпти, — дейди «Камолхонов Жаҳон» МЧЖ раҳбари Жаҳонгир Камолхонов. —  Мисол учун, ҳозирда 1 метр квадрат уй нархи ўртача 4,5 млн сўм бўлмоқда. Агар коммуникация харажатлари қўшилса, уйнинг 1 метр квадрати 9 млн. сўмга баҳоланарди. Хуллас, уй олувчига ҳам , қурилиш ташкилотига ҳам имтиёзлар бор.

Шу кунларда даҳада яна 50 та кўп қаватли уй қуриш учун ер майдонлари имтиёзли тарзда аукцион савдоларига чиқарилди. Банк кредити, субсидия ажратиш, ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнлари билан боғлиқ масалаларни тез ва ўз вақтида ҳал этиш мақсадида шу ернинг ўзида Ипотека маркази қуриб битказилди.

2023 йилдан бошлаб ҳар бир кўп қаватли уйда ота-она қарамоғидан маҳрум, етим болаларга субсидия асосида ёки бепул тарзда берилиши учун 1 хонали уйлар қуриш ҳам режага киритилди. Уйлар йўлакларида ногиронлиги бор шахслар учун пандуслар ўрнатилиши қатъий талаб сифатида белгиланди.

Энг муҳими, эндиликда қурувчиларнинг ҳам тажрибаси, малакаси ошиб бормоқда. Янги даҳада уй қураётган 40 та қурилиш ташкилотининг пишиқ ғишт, цемент ва бошқа қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш тармоқлари мавжуд. Хориждан энг сўнгги русумдаги қурилиш техникалари сотиб олинган.

Ҳар бир уй энергия тежамкор технологиялар билан жиҳозланиб, том қисмига қуёш панеллари ўрнатиляпти. Коммуникация жиҳозлари ер остида – битта туннелда жамланмоқда. Бу кейинчалик таъмирлаш ишларини қулай шароитда, сифатли бажариш имконини беради.

— Уйлар лойиҳаси ранг-баранг: бирининг том қисмида яшил ҳудуд ташкил этилаётган бўлса, яна бирида спорт майдони, умумий овқатланиш шохобчалари бўлади, — дейди қурувчи Абдулазиз Усмонов. — Биринчи қаватда кундалик фойдаланиладиган жиҳозлар, болалар велосипедлари, ўйинчоқларини сақлашга мўлжалланган махсус жой ҳозирланяпти. Бу хонадон соҳибларини керакли жиҳозларни ҳар куни юқори қаватга олиб чиқиш ва олиб тушишдан халос этади.

Янги даҳада вилоятдаги қурилишга дахлдор барча идораларнинг кўчма офислари, сифат лабораториялари ташкил этилганини айтиб ўтиш ўринли. Вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси бошлиғи Л. Позиловнинг урғу беришича, қурилиш жараёнларига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш, дунёга машҳур қурилиш компаниялари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш устувор вазифалар сирасига киритилган. Шу боис ҳар бир жараён жаҳон андозалари даражасида бўлишига ҳаракат қилинмоқда.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, айни пайтда вилоятнинг Фарғона ва Ёзёвон туманларида ҳам «Янги Ўзбекистон» даҳалари қурилиши жадаллик билан давом этмоқда.

 

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?