Фарғонада «Саховат» уйида замонавий қулайликлар яратилмоқда

14:20 13 Сентябр 2022 Жамият
326 0

Фото: Халқ сўзи

Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 30 августдаги «Саховат» ва «Мурувват» интернат уйлари ҳамда Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика панционати фаолиятини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига кўра, ушбу муассасалар Давлат божхона қўмитасига бириктирилди.

Қарор ижросини таъминлаш мақсадида Фарғона вилояти божхона бошқармаси томонидан Фарғона шаҳрида жойлашган «Саховат» интернат уйида лойиҳа қиймати 10 миллиард сўм бўлган таъмирлаш ишларига киришилди. Айни жараёнда икки қаватли бинонинг 3- ва 4-бўлимларини мукаммал таъмирлаш, биноларнинг фасад қисмларини, ётоқ бўлимларидаги ювиниш хоналарини, ёзги ошхонани тўлиқ таъмирлаш, ҳудудни ободонлаштириш ҳамда суғориш тизими учун қудуқ қазиш режалаштирилган. Ўз навбатида вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан интернат уйи ҳудудида маданий тадбирлар маркази қурилмоқда.

— Бу каби кенг кўламли саъй-ҳаракатлар кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун оила муҳити, уйдагидай шароит яратишга қаратилгани билан аҳамиятлидир, — дейди «Саховат» кексалар ва ногиронлар бор шахслар учун мўлжалланган интернат уйи директори Нигора Асқарова. — Эзгу ташаббус доирасида муассасада доимий равишда маданий-маърифий тадбирлар ташкил этиш, қизиқувчилар учун гилам тўқиш, тикувчилик, каштачилик, кичик ишлаб чиқариш цехи фаолиятини йўлга қўйиш мўлжалланмоқда.

Ҳозирги кунда интернат уйида 145 нафар эркак ва аёл васийликка олинган бўлиб, уларнинг 35 нафари биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронларидир. Бу ерда замонавий қулайликлар яратилаётгани юртимизда ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда эмаслигидан далолат беради.

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?