Фарғонада Қозоғистон ва Беларус киноси кунлари бўлиб ўтади

09:35 12 Сентябр 2022 Жамият
534 0

Фото: Халқ сўзи

Маълумки, шу йилнинг 13-18 сентябрь кунлари мамлакатимизда «Ипак йўли дурдонаси» XIV Тошкент халқаро кинофестивали ўтказилиши режалаштирилмоқда.

16-17 сентябрь кунлари фестиваль доирасида Фарғона вилоятида «Тинчлик, тараққиёт ва маърифат» шиори остида «Хорижий мамлакатлар кино кунлари» ташкил этилиши кўзда тутилмоқда. Шу мақсадда кинофестиваль тадбирлари олдидан «Кино беш кунда»  II ёш киноижодкорлар танлови учун Фарғона вилоятининг Қўқон, Марғилон шаҳарлари ҳамда Риштон туманида қисқа метражли фильмлар суратга олинади.

Киноанжуманда Фарғона шаҳридаги Ислом Каримов номидаги вилоят театр ва концерт саройида «Беларус кино кунлари», Қўқон шаҳар мусиқали драма театрида эса «Қозоғистон кино кунлари» бўлиб ўтади. Нуфузли тадбирларда «Беларусфилм» ҳамда «Казахфилм» раҳбарлари, беларуссиялик ва қозоғистонлик машҳур актёр ва актрисалар, Тошкент шаҳридан келган таниқли киноижодкорлар иштирок этиши кутилмоқда.

Тадбир давомида Фарғона вилояти ҳокимлиги, Кинематография агентлиги вилоят бўлими билан биргаликда Фарғона шаҳрида жойлашган Алишер Навоий кинотеатридаги қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари якунланиб, «ШҲТ мамлакатлари кино хафталиги» кунлари фойдаланишга топшириш мақсад қилинган.

Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати мутахассиси Нурбек Мирзаевнинг «Халқ сўзи» мухбирига маълум қилишича, Алишер Навоий кинотеатрида иккита 250 ўринли кинозал тўлиқ таъмирланиб, замонавий DSP форматдаги киноқурилма ўрнатиш ишлари якунига етказиляпти.

Ўз навбатида кинофестиваль кунлари «Кинокарвон» акцияси ўтказиш орқали хорижий фильмлар намойиши ва тақдимотлари, чет эллик киноюлдузлар билан қизиқарли учрашувлар ўтказилади. Фарғона вилоятининг тарихий-маданий ёдгорликлари бўйлаб мароқли саёҳатлар уюштирилади.

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?