Фарғонада полиестер толадан мато ишлаб чиқарувчи мамлакатимиздаги илк корхона фаолият бошлади

14:22 15 Август 2022 Жамият
564 0

Фото: Халқ сўзи

Мамлакатимиз мустақиллигининг 31 йиллиги арафасида Фарғона шаҳрида “VinteksCo” масъулияти чекланган жамият шаклидаги Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси тантанали равишда фойдаланишга топширилди.

Таъкидлаш жоизки, истиқболли лойиҳа доирасида янги корхонада полиестер толадан дастурхонбоп ва пардабоп матолар ишлаб чиқарилади.

— Ўтган йили вилоят ҳокими маҳалламизда бўлиб, кўп йиллардан буён бўш турган собиқ пиллани қайта ишлаш фабрикаси ўрнида замонавий лойиҳа асосида янги корхона ташкил этиш ташаббусини илгари сурган эди, — дейди фарғоналик тадбиркор Фурқатжон Бобожонов. — Биз ўтган қисқа вақт давомида вилоят ҳокимлиги кўмагида эски фабрика ҳудудида иш бошлаган учинчи корхона бўлдик. Дастлабки босқичда 50 та янги иш ўрни ташкил этилиб, хитойлик мутахассисларни жалб этган ҳолда йиллик 300 минг погонометр мато ишлаб чиқариш қуввати яратилди. Яқин истиқболда йиллик ишлаб чиқариш ҳажмини 650 минг погонометрга етказиш ҳисобига яна қўшимча 50 та иш ўрни яратишни режалаштирганмиз.

Уч миллион доллар миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ҳисобига ташкил этилган мазкур корхонанинг очилиши юртимизга асосан Туркия ва Хитойдан келтирилаётган дастурхон ва пардабоп матолар импортини камайтириш имконини беради. Маҳаллий истеъмолчилар ва ички бозор рақобатбардош сифатли маҳсулот билан таъминланади.

Корхонанинг тақдимот маросимида Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этиб, ҳудудда фаолият олиб бораётган тадбиркорлар билан суҳбатлашди.

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер