Фарғонада кореялик истеъмолчининг ҳуқуқлари тикланди

11:52 10 Июль 2020 Жамият
545 0

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ва Корея истеъмолчилар агентлиги ўртасида 2018 йилда меморандум имзоланиб, ушбу меморандумга кўра Корея Республикаси фуқароларининг Ўзбекистондаги, мамлакатимиз фуқароларининг эса Корея Республикасидаги истеъмолчилик ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилинишида ўзаро ҳамкорлик олиб борилиши кўзда тутилганди. Истеъмолчининг поймол бўлган ҳуқуқи тиклаб берилиши масаласидаги қуйида келтириладиган мисол ана шу ҳамкорлик доирасида олиб борилаётган ишлардан бири дейиш мумкин.

Фарғона шаҳар жамияти томонидан истеъмолчи, Корея Республикаси фуқароси Чой Кил Хонинг манфаатларини кўзлаб, унга Фарғона шаҳрида “EVRO DIAMOND” савдо белгиси остида фаолият кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркор Р.Сейфуллаев томонидан кўрсатилган хизматлар натижасида етказилган моддий зарарни ундириш ҳақидаги Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судига киритилган даъво аризаси кўриб чиқилди.

Фуқаронинг мурожаатини Фарғона шаҳар жамияти томонидан ўрганиб чиқилиши натижалари ва суд материалларидан маълум бўлишича, истеъмолчи ўз вакили (ҳайдовчиси) орқали 2019 йилнинг июнь ойида юқоридаги тадбиркорга қарашли бўлган кимёвий тозалаш корхонасига 10 (ўн) турдаги кийимларини тозалатиш учун берган. Кийимлар кузги-қишки мавсумга мўлжалланганлиги сабабли кимёвий тозалашдан ўтказилиб, хонадонга келтирилгач улардан маълум вақт фойдаланилмаган. Кейинчалик эса улар кўздан кечирилганда кийимларга жиддий зиён етказилганлиги, улар асл ҳолига нисбатан ранги ва ёрқинлигини йўқотганлиги, ҳажмлари кичрайганлиги, фойдаланиб бўлмайдиган ҳолатга келганлиги кузатилган. Истеъмолчининг хизмат кўрсатувчи корхона билан юзага келган масалани ҳал қилиш борасидаги ҳаракатлари ижобий натижа бермагач, у Федерациянинг Фарғона шаҳар жамиятига мурожаат қилган.

Ишни судда кўриб чиқилиши давомида хизмат кўрсатувчи истеъмолчи вакили кийимларни қабул қилиб олиш ва олиб кетиш вақтида кўрсатилган хизмат сифати юзасидан ҳеч қандай эътирозлар билдирмаганлиги, кийимлар кимёвий тозалаш корхонасидан олиб кетилгач, орадан бироз вақт ўтганлигини, бу орада эса муайян ҳаракатлар амалга оширилиб, кийимларга ўзга шахслар томонидан зарар етказилган бўлиши мумкинлиги, у судгача бўлган оралиқда истеъмолчи билан юзага келган ҳолат юзасидан келишиб олиш борасида ҳаракатлар олиб борганлиги каби важларни келтирган бўлса-да, суд унинг истеъмолчи вакили томонидан хизматлар сифатига эътирозлар билдирилмаганлиги, унга ўзга шахслар томонидан кейинчалик зарар етказилган ҳам бўлиши борасидаги важлари билан келишмаслигини, сабаби низо предмети ҳисобланган кийимларда ҳозирги кунга қадар кимёвий тозалаш корхонасининг хос белгилари (биркалари) сақланиб турганлигини кўрсатиб ўтди. Бу ҳолат эса кийимлар кимёвий тозалаш корхонасидан келтирилгандан буён ундан ҳеч ким фойдаланмаганлигини кўрсатади. Шунинг билан биргаликда, жавобгарга истеъмолчи кийимларни кимёвий тозалашга юборишдан олдин ва кейинчалик ҳам фотосуратга олганлиги бўйича фотоҳужжатлар тақдим қилинди.

Суд ишни кўриб чиқилиши натижаларига кўра, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона шаҳар жамиятининг Корея Республикаси фуқароси Чой Кил Хонинг манфаатларини кўзлаб, якка тартибдаги тадбиркор Р.Сейфуллаевга нисбатан етказилган моддий зарарни ундириш ҳақидаги талаби қаноатлантирилиб, жавобгардан манфаатдор шахс фойдасига 12 000 000 (ўн икки миллион) сўм ундирилиши бўйича қарор чиқарди.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини
ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси 
матбуот хизмати

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?