Фарғонада хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш масаласи ўрганилди

14:31 28 Февраль 2022 Жамият
714 0

Фото: Халқ сўзи

Фарғона вилояти ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ҳамда халқ депутатлари Фарғона вилояти, шаҳар ва туман Кенгашларининг қўшма мажлиси ўтказилди.

Унда жорий йилнинг 24-26 февраль кунлари Олий Мажлис Сенати ишчи гуруҳи томонидан «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Фарғона вилоятидаги ижроси юзасидан олиб борилган ўрганиш натижалари танқид ва таҳлил руҳида сарҳисоб этилди.

Видеоконференсалоқа шаклида ташкил этилган мажлисда Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова, қўмита раиси ўринбосари Маҳмуджон Парпиев, вилоят ҳокимининг ўринбосари – вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Баҳодир Холиқов, вилоятдан сайланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, кун тартибига киритилган масалага алоқадор давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари қатнашди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан хотин-қизларнинг турмуш шароитларини яхшилаш, маиший ҳаётдаги муаммоларини ҳал қилиш, иқтидори ва имкониятларини кўрсатиш учун қулай шароит яратиш ва ижтимоий ҳаётдаги фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу жараён ижтимоий муносабатларда ҳам, қонунчиликда ҳам ўз ифодасини топаётир.

Хусусан, юқорида келтирилган Қонуннинг амалиётга татбиқ қилиниши хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, шунингдек, гендер тенгликни таъминлаш, аёлларнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётдаги ролини ошириш, уларни оилада ва жамиятда ҳимоялашнинг институционал асосларини такомиллаштириш саъй-ҳаракатларини бир қадар жонлантирди. Шу билан бирга ҳали бу йўналишда қилинадиган ишлар бор ва анчагина.

Қўшма мажлисда Сенат ишчи гуруҳи ўрганишлари натижалари, аниқланган камчиликлар, уларни бартараф этиш чоралари, шунингдек, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар юзасидан Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари Маҳмуджон Парпиевнинг маърузаси тингланди.

Шундан сўнг Сенат қўмитаси раиси Малика Қодирхонова ва шаҳар-туман студияларидан қатнашган масъуллар иштирокида хотин-қизларни тазйиқ ҳамда зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатлар муҳокама қилинди. Бу борада вилоят шаҳар-туманларида оилалар, таълим муассасалари, меҳнат жамоаларида олиб борилган ўрганиш ишлари давомида аниқланган камчиликларга эътибор қаратилди.

Қонун ижросини таъминлашга масъул идоралар, ҳуқуқни ҳимоя қилиш ва бошқа давлат органларининг муҳим вазифалари бўйича онлайн муҳокамалар ўтказилиб, аниқ мақсад ва режа асосида иш ташкил этиш зарурлиги қайд этилди.

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер