Фарғонада ҳар бир дарахт «Яшил макон» онлайн платформасига киритилмоқда

Фото: Халқ сўзи
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида ўтган йилнинг кузи ва бу йил баҳор мавсумида Фарғона вилоятида 15 миллион 291 минг туп иқлим шароитига мос павлония, лола, садақайрағоч, каштан, каталпа, эман, каби сув кам талаб қиладиган дарахт кўчатларини экиш режалаштирилган эди. Вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси маълум қилишича, ушбу режа ошиғи билан бажарилиб, шаҳар ва туманларда 22 миллиондан зиёд мевали дарахт ҳамда бута қаламчалари ўтқазилди.
— Айни жараёнда янги экилаётган ва парваришдаги ҳар бир дарахт экология давлат инспекторлари томонидан «Яшил макон» электрон онлайн платформасига киритилмоқда, — дейди Фарғона вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Гулноза Тўхтасинова. – Бу платформада дарахт кўчатлари тўғрисидаги маълумотлар, жойлашув локацияси, сони ва фотофактлари, суғориш тизимининг ҳолати ҳамда масъулларга бириктириш тизими қамраб олинади. Ягона электрон база ҳар бир дарахтни рақамлаштириш орқали аниқ ҳисоб-китоб ишларини юритиш имконини беради.
Шу тариқа ҳар бир маълумот экология мутахассиси планшетида кўриниб туради. Мутахассис маълумотларни жамлайди, умумлаштиради ва тасдиқлайди. Мисол учун, тадбиркор янги кўп қаватли уй қуриш ниятида бўлса, экология мутахассиси объект ҳудудида мавжуд дарахтлар ҳақида ушбу портал маълумотлари асосида ҳолатни ўрганади. Бу тадбир кислород манбаи бўлган дарахтларга ноўрин зарар етказиш ва уларни нобуд қилишдек ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга.
Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Буюк Британия бош вазири жаримага тортилди
- Энергия таъминотини яхшилаш масалалари кўриб чиқилди
- Мактабларда тил ва касб ўргатишни ривожлантириш чоралари белгиланди
- «Ватан — бамисоли қуёшга ўхшаш...»
- Буркина-Фасода ўғирлаб кетилган аёллар озод қилинди
- Транспорт вазирлари «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темир йўли қурилишини муҳокама этишди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг