Фарғонада бундан буён байрам тадбирларида фонограммада қўшиқ айтиш мумкин эмас

14:17 14 Сентябр 2022 Жамият
455 0

Фото: Халқ сўзи

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров маданият ва санъат соҳаси ходимлари билан учрашувда бир қатор эзгу ташаббусларни илгари сурди.

Шу тариқа эндиликда Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Файзулло Қосимов раҳбарлигида байрам тадбирларини ўтказиш бўйича вилоят ишчи гуруҳи ташкил этилади. Ишчи гуруҳ таркибига вилоят маданият бошқармаси масъуллари, театрлар раҳбарлари, олий таълим муассасаси ректорлари, таниқли санъаткорлар ва ижодкорлар киритилади. Ишчи гуруҳ аъзолари вилоятда ўтказиладиган ҳар бир байрам тадбири учун янги ғоя ва дастур, таклифларни ўртага ташлаб, янги ва ўзига хос сценарийлар ишлаб чиқиш учун масъул эканлиги таъкидланди.

Бундан буён вилоятда бўлиб ўтадиган барча тадбирларда саҳнага чиқадиган қўшиқчилар ва қўшиқлар очиқ танлов асосида танлаб олинадиган бўлди. Шунингдек, вилоят ҳокимининг вилоят байрам тадбирларида фонограммада қўшиқ айтиш тақиқланиши, ижрочилар саҳнада чолғучилар билан бирга жонли ижрода куйлаши кераклиги борасидаги таклифи санъат аҳли томонидан маъқулланди.

Шунингдек, келгуси йилдан бошлаб Фарғона ва Қўқон шаҳрида Республика театрлари фестивали, мамлакатимиз ва қўшни давлатлардаги рус театрлари фестивали ўтказилишига келишиб олинди. Ўз навбатида вилоятда яшаб ўтган буюк санъаткорлар хотирасига бағишланган Санъат ҳафталиклари, ойликлари ташкил этилиши белгиланди. Вилоят бўйлаб доимий равишда миллий фестиваллар, сайллар ҳамда халқ ўйинлари ўтказилиши ҳақидаги таклиф ҳам барчага бирдек манзур бўлди.

— Санъатда ҳалол рақобат ёш истеъдодларни кашф этишда муҳим омилдир, — дейди таниқли хонанда Валижон Қодиров. — Бундай эътибор ва рағбат азалдан истеъдодлар юрти бўлган Фарғонада маданият ва санъат соҳаси сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилишига хизмат қилади.

Ботир Мадиёров, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер