Фарғонада бу йил 220 километр ичимлик ва оқова сув тармоқлари қуриш ҳамда реконструкция қилиш ишлари бажарилади

15:37 17 Февраль 2023 Жамият
376 0

Фото: Халқ сўзи

Президентимизнинг 2022 йил 25 октябрда қабул қилинган «2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида Фарғона вилояти ҳудудларида ичимлик ва оқова сув таъминоти билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш учун республика бюджетидан 426 млрд. сўм маблағ ажратилди. Шу тариқа объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, экспертиза хулосалари олинди ҳамда пудрат ташкилотлари томонидан ишга киришилди. Эзгу ташаббусга кўра, жорий йилда вилоятда 220 км ичимлик ва оқова суви тармоқлари қуриш ҳамда реконструкция қилиш ишлари бажарилади.

Бугунги кунда Тошлоқ тумани аҳолисининг 68 фоизи ичимлик суви билан таъминланган бўлиб, бу борадаги изчил саъй-ҳаракатлар натижасида жорий йил якуни бўйича ушбу кўрсаткични 92 фоизга етказиш режалаштирилмоқда.

«Фарғонасувтаъминоти» МЧЖнинг Тошлоқ тумани филиали раҳбари Ҳалимжон Одиловнинг маълум қилишича, айни пайтда 17 та МФЙда 106,8 км масофада ичимлик суви тармоғи тортиш, ўнлаб сув иншоотларини қуриш ва таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

— Маҳалламиз туман марказидан ўртача 15 км олисда жойлашган, — дейди «Чек» МФЙда истиқомат қилувчи Муҳаммдажон Тожибоев. — Шу кунларда қишлоғимизда ичимлик суви тармоғи тортилаётганини кўриб, каттаю кичик бирдек хурсанд бўлди. Ахир сув – бу ободлик дегани. Қишлоғимизга сув келса, кўп йиллик муаммомиз ҳал этилиб, ҳаётимиз обод бўлиши шубҳасиз.

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?