Фарғонада Алишер Навоий таваллудининг 584 йиллиги тантанали нишонланди

12:06 10 Февраль 2025 Жамият
188 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Фарғона шаҳридаги хиёбонда буюк мутафаккир, шеърият мулкининг султони Алишер Навоий таваллудининг 584 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда Фарғона вилояти ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, адабиётшунос олимлар, зиёлилар, янги авлод вакиллари ҳамда мумтоз адабиётимиз ихлосмандлари жамулжам бўлишди.

Тантанали тадбирни Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Шерзоджон Полвонов очиб, иштирокчиларни ҳазрат Навоий таваллуди куни билан самимий қутлади. Улуғ аждодимизнинг халқимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўрни, яратувчанлик ва бунёдкорлик соҳасидаги эзгу ташаббусларини алоҳида эътироф этиб ўтди.

— Алишер Навоий бобомизнинг бой илмий-адабий мероси, бетакрор асарлари абадиятга дахлдордир, — дейди навоийшунос олим, профессор Ҳабибулла Жўраев. — Хусусан, «Хамса» достони адабий қаҳрамонлари ҳамон халқимизни элу юрт манфаати йўлида астойдил камарбаста бўлишга чорлайди. Она замин ва табиат гўзалликларини асраш ҳамда юртни обод қилишга рағбатлантиради.

Тадбир доирасида Эркин Воҳидов номидаги ижод мактаби ўқувчилари томонидан Алишер Навоий ғазаллари ва рубоийларидан намуналар ўқилди. Марғилон шаҳридаги мусиқали мақом театри актёрлари турли саҳна кўринишлари, куй-қўшиқларни ижро этишди.

Эҳтиром тадбири давомида Алишер Навоий ҳайкали пойи анвойи гуллар билан безанди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер