Фарғонада “Адабиёт кунлари” бўлиб ўтмоқда

14:48 02 Декабрь 2021 Жамият
182 0

Фото: «Халқ сўзи»

Шу кунларда не-не ўткир қалам соҳибларига бешик бўлган сўлим Фарғона вилоятида “Адабиёт кунлари” бўлиб ўтаётганидан мамлакатимиз  жамоатчилиги яхши хабардор.

Фасоҳат байрами Қўқонда ўзбек адабиётининг йирик дарғалари иштирокидаги илмий-адабий тадбир билан бошланди. Қўқон шаҳар давлат мусиқали драма театрида адабиётшунос олим Умарали Норматов таваллудига 90 йил, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудига 85 йил, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли шоир, драматург Сайдали Одилов таваллудига 80 йил тўлганлиги, Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджоннинг хотирасига эҳтиром кўрсатиш ҳамда риштонлик истеъдодли ёзувчи Исажон Султон Ўзбекистон халқ ёзувчиси унвони билан тақдирлангани муносабати билан уларнинг ижодий меросини ўрганиш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат  тарбиялаш борасидаги аҳамиятини тарғиб қилишга бағишланган учрашув бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, Ўзбекистон Қаҳрамони, адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев, атоқли шоир ва адиблар Маҳмуд Тоир, Салим Ашур, Сирожиддин Рауф ва бошқа ўнлаб таниқли ижодкорлар, адабиётшунослар, Сайдали Одилов, Исажон Султон ва таваллуд айёмлари ўтказилаётган ижодкорларнинг оила аъзолари, адабиёт ихлосмандлари иштирок этди.

Тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид сўз олиб, ўзбек адабиётида фарғоналик ижодкорларнинг тутган ўрни, ижодий мероси хусусида тўхталиб ўтдилар. Жамиятимизда китобхонликни тарғиб қилиш борасидаги кенг қамровли саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ аҳолининг, айниқса, ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқиши ортиб бораётгани таъкидланди. Айни жараёнда Фарғона вилоятида ҳам амалга оширилаётган ишлар санаб ўтилди, ҳудудларда деярли ҳар бир маҳаллада китоб дўконлари ташкил қилингани эътироф этилди.

Байрам тадбирлари доирасида бугун Олтиариқда Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон, Марғилон шаҳрида Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов ижодий меросларига бағишланган илмий-адабий тадбирлар, адабий суҳбатлар ўтказилиши белгиланган.   

Ботир Мадиёров, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?