Фарғонада 20 минг тоннага яқин шафтоли экспорт қилинди

18:44 25 Июль 2022 Жамият
910 0

Фото: Халқ сўзи

Шу йилнинг ўтган даврида Фарғона вилояти божхона бошқармаси томонидан 19,4 миллион долларлик 19 минг тоннадан ортиқ шафтоли экспорти расмийлаштирилди.

Айни пайтда вилоятда қарийб 8 минг гектар шафтоли боғлари бўлиб, фарғоналик миришкорлар йил якунига қадар 68 минг тонна шафтоли экспорт қилишни режалаштирганлар.

— Мева-сабзавотлар экспортига кўмаклашиш борасида бугунги кунда мутлақо янги тизим яратилди, — дейди Фарғона вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Шавкатжон Сотволдиев. — Дастлаб хавф белгилари бўйича «яшил» ҳамда «сариқ» йўлакка йўналтирилган экспорт маҳсулотларига божхона кўриги бекор қилинган бўлса, кейинги босқичда «яшил» йўлакка йўналтирилган экспорт маҳсулотларини танлов асосида, инсон омилисиз автоматлаштирилган тарзда божхона расмийлаштирувидан ўтказиш амалиётга жорий этилди.

Айни пайтда Олтиариқ туманида вилоят божхона бошқармасининг «Марғилон», «Водий» ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари таркибидаги экспортга кўмаклашиш марказлари фаолият олиб бормоқда. Экспортга расмийлаштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини шу ҳудуднинг ўзида божхона назорати ҳамда товарга тегишли юк кузатув ҳужжатларининг расмийлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Марказларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспортга расмийлаштириш ва сертификатлаштириш идоралари фаолияти ҳам йўлга қўйилган.

2022 йилнинг 29 июнь санасидан бошлаб амалиётга яна бир янгилик жорий этилди. Унга кўра «яшил» ҳамда «сариқ» йўлакка йўналтирилган экспорт маҳсулотлари ортилган юк автотраспорт воситаларини мажбурий махсус божхона пломбалари билан идентификациялаш тартиби бекор қилинди.

Шунингдек, экспортга йўналтирилган қишлоқ xўжалиги маҳсулотлари ортилган юк автотранспорт воситалари чегара божхона постларида сабабсиз тирбандликларда қолиб кетишининг олдини олиш мақсадида Давлат божхона қўмитаси томонидан шу йилнинг 14 июль санасидан синов тариқасида «Е-навбат» тизими жорий этилди. Бу тизим орқали ҳайдовчилар автотранспорт воситаларига ортилган экспорт маҳсулотлари бўйича божхона расмийлаштируви тугатилганидан сўнг ўзига маъқул келган вақтни танлаган ҳолда навбат бўлмаган чегара божхона постларидан ўтиши таъминланади.

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер