Фарғона жамоат транспортида янги тизим жорий этилмоқда

15:26 05 Август 2024 Жамият
241 0

Фарғона ва Қўқон шаҳри водийнинг туризм ва тадбиркорлик маркази сифатида танилган. Бу икки шаҳар ҳамиша маҳаллий ва хорижлик меҳмонлар билан гавжум.

Давлатимиз раҳбарининг «Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида вилоятда жамоат транспортида нақд пульсиз тўлов тизимини қўллаш, мазкур тизимдан фойдаланишда йўловчиларни кенг жалб қилиш устувор вазифалар сирасига киритилган. Автобусда одатдаги 2 минг сўм йўл ҳақи ўрнига, электрон шаклда тўланган тўловларга (транспорт картаси, АТТО, банк карталари) бир нафар йўловчи учун бир марталик рағбатлантирувчи йўл ҳақи таърифи 1600 сўм этиб белгиланган.

Айни пайтда вилоятда 386 та йўловчи ташиш йўналишлари мавжуд. Автобус йўналишлари 109 та, такси йўналишлари 277 тани ташкил этади. Жамоат транспортида йўл кира ҳақини тўлашнинг автоматлаштирилган тизимини босқичма-босқич жорий этиш бўйича «Автоматлаштирилган тўлов тизими оператори» масъулияти чекланган жамияти фаолияти йўлга қўйилган. Ўтган даврда Қўқонда фаолият юритаётган 11 та автокорхона тизимида бўлган (23 та шаҳар ичи автобус йўналишлари) 170 дона ҳамда Фарғона шаҳрида фаолият юритаётган 3 та автокорхонанинг (6 та шаҳар ичи автобус йўналишлари) 70 дона «ISUZU NPSAZ» русумли автобуслари электрон валидаторлар ва тегишли қурилмалар билан тўлиқ жиҳозланди. Ҳозирда тўлиқ тизимга боғланган ҳолда аҳолига нақд пульсиз шаклда хизмат кўрсатиб келмоқда.

Йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида «Автоматлаштирилган тўлов тизими оператори» МЧЖ билан «Ўзбекистон почтаси» AЖ Фарғона вилоят бўлими ўртасида расмийлаштирилган шартномага кўра, Қўқон шаҳри ҳудудида 6 та ҳамда Фарғона шаҳар ҳудудида 11 та тарқатиш масканларида электрон тўлов карталари сотуви йўлга қўйилган.

Жамоат транспорти тизимини такомиллаштириш бўйича тасдиқланган «йўл харитаси»га асосан Фарғона шаҳрининг транспорт Бош режаси ишлаб чиқилди. Бош режага мувофиқ шаҳар автобус йўналишларида чекланган таърифлар бўйича йўловчилар ташишни брутто-шартнома асосида ташкил этиш ва молиялаштириш тизимини босқичма-босқич жорий этиш бўйича вилоят транспорт бошқармаси томонидан 11 та автобус йўналишларидан иборат «Йўналишларни электрон тендерга чиқариш жадвали» ишлаб чиқилди. Вилоят ҳокимлиги томонидан тасдиқланган режа бўйича Фарғона шаҳридаги ташувчилар томонидан имтиёзли кредитлар асосида босқичма-босқич Хитойда ишлаб чиқарилган 77 дона «Евро-5» ва ундан юқори экологик тоифа талабларига мос келадиган автотранспорт воситалари харид қилинмоқда.

Ҳозирги кунда Фарғона шаҳрида фаолият юритаётган «Фарғона автотранс хизмат» МЧЖ томонидан янги харид қилинган «Asia Star» русумли 6 дона автобуслар шаҳар ичи йўналишларида йўловчи ташиш фаолиятини бошлади. Тадбиркор томонидан харид қилинган қўшимча 8 та автобус ҳозирги кунда юртимиз божхона омборларига етиб келган. Тез кунда мазкур автобуслар йўналишларга жойлаштирилади. Шу билан бирга, 3 та ташувчи корхоналар томонидан банк кредитлари эвазига сотиб олинган автобусларни Хитойдан Фарғона шаҳрига олиб келиш бўйича керакли ҳужжатлар тўлиқ шакллантирилди. Яқин кунларда Фарғона ва Қўқон шаҳрида замонавий автобуслар қатнови сони тобора кўпайиб боради.

Шу орқали вилоятдаги автобуслар паркини янгилаш ва кенгайтириш баробарида шоҳбекатларда давр талаби асосида шароит яратиш, автобус бекатларида йўловчилар учун қулайлик ҳозирлаш, электрон тўлов тизими салмоғини ошириб бориш орқали «соя»даги иқтисодиётга барҳам бериш кўзда тутилган. Бу жамоат транспортида ҳаракатланишда хавфсизликни таъминлаш, тирбандликларнинг олдини олиш ҳамда йўловчиларни ўз манзилига тез ва ишончли етказишга хизмат қилади.

Шамсурбек МАҲМУДОВ,

Фарғона вилояти транспорт бошқармаси бош мутахассиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?