«Фарғона водийси текстиль маҳсулотлари» биринчи форуми ўтказилмоқда

15:16 04 Август 2022 Жамият
322 0

Фото: Халқ сўзи

Фарғона вилояти марказида бўлиб ўтаётган ушбу тадбирда водий тадбиркорлари, экспортёр корхоналар вакиллари, текстиль корхоналар раҳбарлари, тижорат банклари масъуллари ҳамда Россиядан ташриф буюрган 50 нафардан зиёд импортёрлардан иборат делегация иштирок этмоқда.

Таъкидлаб ўтилганидек, бугунги кунда Фарғона вилоятида 2100 дан ортиқ текстиль корхоналари фаолият кўрсатади. Шу билан бирга ўзаро ҳамкорлик доирасида вилоятда 130 дан ортиқ Россия-Ўзбекистон қўшма корхоналари ташкил этилган.

— Форумни ташкил этишдан мақсад текстиль йўналишида вилоятдаги мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланиш ва бу борада ўзаро муносабатларни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган, — дейди Фарғона вилояти ҳокимлигининг инвестициялар ва ташқи савдо котибияти мудири Азимжон Юлдашев. — Эътиборлиси, ушбу форум соҳа тадбиркорлари ташаббуси билан ўтказиляпти.

Юзма-юз мулоқотда текстиль маҳсулотларини экспорт қилишда белгиланган тартиблар, божхона талаблари, эркин иқтисодий зоналар имкониятлари, юкларни транспортда ташиш жараёнлари, логистика марказлари фаолияти тўғрисида атрофлича маълумот берилди. Россиялик меҳмонлар учун вилоятдаги текстиль корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси намойиш этилди.

Форум 7 августга қадар давом этади ва унинг доирасида икки давлат тадбиркорлари ўртасида музокаралар ўтказиш, вилоят шаҳар-туманларида фаолият кўрсатаётган текстиль корхоналари фаолияти билан танишиш мақсад қилинган.

Яқин истиқболда «Фарғона водийси текстиль маҳсулотлари» биринчи форуми тажрибаси асосида дунё мамлакатлари, хусусан, Европа давлатлари сармоядорлари ва фарғоналик тадбиркорлар ўртасида форумлар ташкил этиш ҳамда тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.

 

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер