Фарғона вилоятида муқобил электр манбаларидан фойдаланиш борасидаги ишлар жадал тусга кирди

11:32 28 Ноябрь 2022 Жамият
290 0

Фото: Халқ сўзи

2022 йилнинг ўтган даврида Фарғона вилояти бўйича 526 та объектда умумий қуввати 7,4 мВтли қуёш электр панеллари ўрнатилди. Шу йил якунига қадар 3134 та объектда 5,9 мВтли қуёш электр панеллари ўрнатиш мақсад қилинган.

«Фарғона ҳудудий электр тармоқари корхонаси» АЖ матбуот хизматининг «Халқ сўзи» мухбирига маълум қилишича, жорий йилда ижтимоий соҳа объектлари, хусусан, 69 та мактабда, 28 та мактабгача таълим ташкилоти, 15 та соғлиқни сақлаш муассасаси ҳамда 7 та олийгоҳ таълим муассасаси ва бошқа объектларда қуёш электр панеллари ўрнатиш учун вилоят маҳаллий бюджетидан 11 миллиард сўм маблағ ажратилди.

Айни жараёнда 2 минг 630 та хонадондан иборат 143 та кўп қаватли уйлар, 1 минг 300 та «Темир дафтар»га киритилган оилалар хонадонларига ҳам муқобил электр манбаларини ўрнатиш учун вилоят маҳаллий бюджетидан 2,8 миллиард сўм маблағ йўналтирилиб, бу борадаги ишлар жадал олиб бориляпти. Эътиборлиси, қуёш панеллари ўрнатилган хонадонларга солиқ имтиёзлари берилиши ҳам кўзда тутилган.

Шунингдек, «Фарғона иссиқлик электр маркази» АЖ ҳудудида қуввати 1,8 мВт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини қурилиши якуний босқичга кирган бўлиб, қиймати 14,1 миллиард сўм бўлган ушбу лойиҳа 15 декабрга қадар якунига етказилади.

Туркиянинг “Klintek İnşaat ve Enerji” компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилаётган инвестицион лойиҳа доирасида Фарғона вилоятида экологик тоза технологияларни татбиқ этган ҳолда чиқиндини қайта ишлаш орқали ҳам электр энергияси ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Қиймати 170 миллион евро бўлган корхона ишга туширилса, вилоятда кунлик 2,5 минг тоннагача бўлган чиқиндини қайта ишлаш ҳисобига йиллик 52 МВт электр энергияси ишлаб чиқарилади.

Ўз навбатида ҳозирги кунда хорижий инвестицияни жалб этиш ҳисобига вилоят ҳудудида қуввати 100 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси қурилиши лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда.

 

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер