Фарғона вилояти пандемия шароитида иқтисодий кўрсаткичларни қай даражада сақлаб қола олди?

11:10 30 Май 2020 Жамият
513 0

Бугунги кунда Фарғона вилоятида умумий майдони 102,7 гектардан иборат 14 та кичик саноат зоналари фаолият кўрсатмоқда.

Фарғона шаҳри вилоятнинг маъмурий маркази бўлибгина қолмасдан йирик саноат корхоналари жамланган ҳудуд саналади. Индустриаллашган шаҳарда пандемия шароитида иқтисодий кўрсаткичларни қай даражада сақлаб қола олди? Айни дамда бу борада амалий ишлар кўлами оширилган.

Давлат хизматлари агентлиги тизимида ҳам хориж қўшма корхоналари ва тадбиркорларнинг қайта фаолият бошлаши ва давлат рўйхатидан ўтказиш ишларининг жадал суратлари сақлаб қолинди.

Масалан, Фарғона вилоятида жорий йил 16 мартидан шу кунга қадар жами 4 515 та янги тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилган. Карантин қоидалари енгиллатилиши, вилоят яшил ҳудуд мақомини олиши муносабати билан 1 минг 980 дан ортиқ якка тартибдаги ишбилармонлар, 992 та йирик ва ўрта корхоналар фаолияти қайта тикланди. Муҳими, саноат корхоналарини қўллаб қувватлаш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қайта тиклаш ишлари сурати пасайгани йўқ.

— Жорий йил якунига қадар 4 триллион 405 миллиард сўмлик 59 та лойиҳаларни тўлиқ амалга оширишни олдимизга мақсад қилиб олганмиз,           — дейди Фарғона шаҳар ҳокими ўринбосари Шерзод Йўлдошев. — Масалан, Фарғона шаҳрининг Аэропорт кўчасида жойлашган қиймати 100 млрд. сўмлик “Global Tekstil” корхонаси 1 июль кунигача ишга туширилиши белгилаб олинган. Айни кунларда келтирилган замонавий жиҳозларни ўрнатиш ишлари олиб борилаётир. Корхона фойдаланишга топширилгач, 2,5 минг нафар шаҳар аҳолиси муқим иш ўрни билан таъминланади.
 

“Fergana Global Tekstil” масъулияти чекланган жамияти вилоятдаги мавжуд кластер корхоналари сафига киритилган. Қурилиш жадал суратларда олиб борилаётган ушбу ҳудудда 400 дан зиёд ишчилар ва қурувчилар бандлиги таъминланган. Инвестицион лойиҳа амалга оширилиши билан пахта хомашёсини калавалаш, мато тўқиш, матони бўёқлаш, пировардида эса тикув-трикотаж мажмуасини бунёд этиш назарда тутилган.

—Текстиль қурилиши лойиҳаси қиймати 50 млн. долларни ташкил этади, –дейди корхона бўлим бошлиғи Улуғбек Вахобов. —​ Қурилиш ишларини деярли ўз якунига етказдик. Параллель равишда чет элдан илғор технологиялар келтириляпти. Айни дамда уларни монтаж ишлари арафасида турибмиз. Шу билан бирга, аллақачон корхонага ишчиларни танлов асосида қабул қилишни ҳам бошлаб юборганмиз. Масалан, шу кунга қадар ип йигирув цехига 150 нафар маҳаллий ёшлар қабул қилинди.

Қурилиш ишлари авжида бўлган мазкур корхона олдида эса иш сўраб келган аҳоли вакилларини учратиш мумкин. Нурмуҳаммад Маҳмудов 20 ёшда. Мутахассислиги сантехник бўлган бу йигит корхонада ишлаш учун ариза ёзди. Уч нафар фарзанднинг онаси Нафисахон Болтабоева эса шаҳардаги собиқ ипакчилик корхонасида ишлаган. Тез кунларда фаолиятини бошлайдиган жамиятда ишлаш учун у ҳам раҳбариятга ариза билан мурожаат қилди.
 

Вилоятда пандемия шароитидан келиб чиққан ҳолда фаолияти давом этаётган экспортёр корхоналарда ҳам ташқи иқтисодий алоқалар сақлаб қолиниши зарур. Қизиғи, нафақат Фарғона водийси учун анъанавий саналган тўқимачилик корхоналари, балки, нефть ва кимё, озиқ-овқат саноати, машинасозлик тармоқларида фаолият кўрсатувчи корхоналар ҳам ташқи бозорлардаги ўз ўринларини бой бермасликка интилмоқда. Жорий йилда биргина Фарғона шаҳри учун 32,5 млн. АҚШ доллари миқдорида экспорт прогноз режаси белгиланган бўлиб, амалда 15 май ҳолатига 7,5 млн. доллар миқдорида бажарилишига эришилди. Бундан ташқари, 2019 йилда саноат корхоналарининг маҳсулот ишлаб чиқариш хажми 7,2 трлн. сўмни ташкил қилган бўлса, жорий йилнинг биринчи чорагидаёқ 1,9 трлн. сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилишига эришилди.
 

Дунё бўйлаб тарқалган пандемия шароити ҳар қандай ривожланган мамлакатларни жиддий синовлардан ўтказмоқда.

Фарғона вилоятида маҳаллий ҳокимликлар, иқтисодий мажмуа вакиллари, саноат зоналари дирекция ходимлари тадбиркорлар ва саноатчиларни доимий қўллаб қувватлаш,лойиҳаларни ўз муддатларида амалга оширишлари ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар учун республикамиздан ташқарида хорижий бозорлар топишда иш ташкил қилмоқдалар.

Элёржон ЭҲСОНОВ,

«Халқ сўз»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?