Фарғона вилояти ҳокимлиги биноси олдида ётган аёл уй-жойсиз қолгани ростми?

16:22 28 Сентябр 2021 Жамият
835 0

Архив сурат

Ижтимоий тармоқларда 43 ёшлардаги аёл – Мунисхон Саидованинг Фарғона вилояти ҳокимлиги олдида ётгани, уни тўрт фарзанди билан яшаб турган манзилидан кўчага чиқариб қўйилгани ҳақидаги иддаолар келтирилган видеолавҳа тарқалди. Бу ҳолат юзасидан Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотларига кўра, аслида видеолавҳадаги иддаолар ҳақиқатдан йироқдир.

Фарғона вилояти Қўштепа туманида туғилган М. Саидова Андижон вилоятига келин бўлиб тушган ва ҳозирда турмуш ўртоғи билан бирга яшамайди. Андижон вилоятида ушбу оиланинг барча шароитга эга 20 сотихдан иборат уй-жойи бор. М. Саидованинг турмуш ўртоғи яна бирга яшаш нияти борлигини, аёли ва болалари уйга қайтишлари мумкинлигини билдирмоқда. Тўрт фарзанддан икки қиз турмушга чиққан, яна бир қизи унаштирилган.

Мунисхон Фарғонага қайтгач, Қўштепа туманидан вақтинча яшаш учун турар-жой таклиф қилинган, бироқ буни рад этган. Шу тариқа Фарғона шаҳар, Янги аср кўчаси, 190-уй 42-хонадонга ноқонуний тарзда кириб ўрнашиб олган. Ушбу хонадон шаҳар ҳокимлигининг 2018 йил 11 июлдаги қарори орқали ордер билан Меҳрибонлик уйида тарбияланган, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган Тимур Будескога белгиланган тартибда хусусийлаштириш ҳуқуқисиз, ижара асосида бириктириб берилган эди.

Фуқаро Будеско 2019 йилга қадар ушбу хонадонда яшаб, Россия Федерациясига ишлаш учун кетган. Кетишидан олдин Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодексига мувофиқ чет элга ишга кетган даврида турар жойга бўлган ҳуқуқини сақлаб қолишга гувоҳнома (бронь) олиш учун шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилмаган. Шунчаки бу хонадонни қўшниларидан бири, 64-хонадонда яшовчи Ўғилчахон Бахтахуновага топшириб кетган.

Ўғилчахон Бахтахунова Тимур Будесконинг хорижда яшаб юрганидан фойдаланиб, таниши Мунисхон Саидова билан ўзаро келишиб, уни ушбу хонадонга ўзбошимчалик билан, ноқонуний тарзда киритиб қўяди.

Шаҳар ҳокимлигининг хўжалик ҳисобидаги уй-жой бўлими мутахассислари томонидан олиб борилган хатловлар давомида фуқаролар Ўғилчахон Бахтахунова ва Мунисхон Сайидовага давлат уй-жой фондидан фойдаланиш тартиби қўпол равишда бузилганлиги, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган фуқарога ижара асосида берилган ушбу хонадондан бегона шахслар фойдаланиши қонунга зид эканлиги тушунтирилган.

Низога сабабчи бўлган Ўғилчахон Бахтахунова билан суҳбатлашилганда, гўёки қизи билан Тимур Будеско шаърий никоҳдан ўтганлигини важ қилиб, хонадондан ўз манфаатлари йўлида фойдаланганини айтган.

Мунисхон Саидованинг аҳволи ўрганилгач, у уй-жойга муҳтожлиги юзасидан шаҳар ҳокимлигига шу кунга қадар ариза билан мурожаат этмагани ва ҳисобда турмаслиги аниқланди. Унга давлат уй-жой фондидан турар жой олиш учун белгиланган тартибда яшаш жойидаги маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ариза бериш йўли билан навбатда туриб олиши мумкинлиги тушунтирилди.

Бу хонадон бўйича келиб чиққан низоларни қонуний тарзда ҳал этиш учун Фарғона шаҳар ҳокимлиги томонидан Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судига даъво аризаси киритилгани ва суд қарори қабул қилингунга қадар фуқаро Мунисхон Саидова Янги аср кўчаси, 190-уйнинг 42-хонадонига киритиб қўйилгани ва ҳозирда айни манзилда яшаб келаётгани маълум бўлди.

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?