Фарғона вилояти дунёда кучли учталикка кирувчи халқаро рейтинг агентлиги эътирофига сазовор бўлди

13:01 14 Июнь 2022 Иқтисодиёт
600 0

Фото: Халқ сўзи

Дунёга машҳур Standard & Poorʼs халқаро рейтинг агентлиги Фарғона вилоятига B+ даражасидаги «Барқарор» прогнозли кредит рейтингини берди. Аниқроғи, вилоятнинг хорижий ва миллий валютадаги узоқ муддатли кредит рейтинги B+ даражасида «Барқарор» дея баҳоланди.

Жаҳон миқёсида халқаро рейтинг агентликлари ичида кучли учталикка кирувчи S&P Global Ratings ҳисоботида Фарғона вилоят бюджетининг юқори кўрсаткичлари ҳамда тижорий қарздорликнинг мавжуд эмаслиги алоҳида эътироф этилиб, келгуси уч йил давомида вилоят бюджети ошириб бажарилиши башорат қилинди.

— Бу каби юксак эътироф ва ишонч вилоятимизга хорижий инвестициялар жалб этиш, нуфузли халқаро молиявий тузилмалар билан ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш имконини беради, — дейди Фарғона вилояти ҳокимининг инвестициялар ва ташқи савдо бўйича ўринбосари Иқболжон Эргашев. — Йирик компаниялар, тадбиркорлик субъектлари шундай хулосаларга асосланган ҳолда инвестиция киритишини инобатга олсак, яқин истиқболда Фарғона вилоятида хорижий ҳамкорлик кўлами ва салмоғи янада ортади.

Таъкидлаш ўринлики, бир йил ичида агентлик мутахассислари ўрганиш ишларини давом эттиради ва якунда Фарғона вилоятининг бу борадаги рейтинг кўрсаткичи яна бир поғона кўтарилиши мумкин.

Айни пайтда Фарғона вилоятида 552 та хорижий капитал иштирокидаги корхоналар фаолият кўрсатаётган бўлиб, унинг салмоқли қисми Хитой (148 та), Россия (131 та), Туркия (67 та), Жанубий Корея (43 та) ҳиссасига тўғри келади.

2022 йил якуни билан Фарғона вилоятида хорижий инвестиция жалб этиш ва экспорт ҳажмини 1 миллиард АҚШ долларига етказиш режалаштирилган.

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер