Фарғона вилояти делегацияси Хитойда 2,6 миллиард долларлик инвестициявий келишувга эришди

17:40 30 Январь 2024 Жамият
182 0

Жорий йилнинг 19-27 январь кунлари Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигидаги вилоят корхона ва ташкилот раҳбарлари ҳамда тадбиркорларидан иборат делегация Хитой Халқ Республикасида бўлиб, бир қатор манфаатли келишувларга эришди.

Учрашувлар доирасида Хубей провинцияси маркази – Ухан шаҳрида Фарғона-Ухан савдо-иқтисодий форуми ҳам ташкил этилди. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси ва Хитой Халқаро савдони ривожлантириш қўмитаси Ухан филиали кўмагида ўтказилган форумда икки ҳудуд расмийлари ҳамда тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари қатнашди.

Форумнинг очилиш маросимида Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Нуриддин Мамажонов Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг доимий мулоқотлари самараси сифатида мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари тобора ривожланиб бораётганини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, йиғилганларга вилоят иқтисодиёти, инвестициявий ва экспорт салоҳияти ҳақида тўлиқ маълумот берилди.

Юзма-юз мулоқот давомида Савдо-саноат палатаси Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси ҳамда Хитой Халқаро савдони ривожлантириш қўмитаси Ухан филиали ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Фарғона вилояти ва Ухан тадбиркорлари иштирокида бўлиб ўтган B2B ва G2B форматидаги учрашувларда икки томонлама манфаатли келишувларига эришилди.

— Ташриф мобайнида Хубей, Гуандун, Хунан, Шенси провинциялари, Шинжон-Уйғур автоном районида йирик компаниялар раҳбарлари ҳамда инвесторлар билан музокаралар ўтказилди, замонавий ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан танишилди, — дейди Савдо-саноат палатаси Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Азимжон Юлдашев. — Натижада қурилиш, машинасозлик, электротехника, енгил саноат, озиқ-овқат саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, туристик объектлар ва меҳмонхоналар барпо этиш, чиқиндини қайта ишлаш каби йўналишларда умумий қиймати 2,6 млрд. доллар бўлган 33 та инвестициявий келишув имзоланди.

Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер