Фарғона ва Наманган вилоятларидаги туман(шаҳар)лар чегараларидаги ўзгартиришлар муҳокама қилинди

14:38 29 Август 2022 Сиёсат
347 0

Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»

2022 йил 29 август куни Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди. Унда Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида муҳокама қилиниши кўзда тутилган масалалар сенаторлар, экспертлар, маҳаллий Кенгаш депутатлари, котибият мудирлари, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирокида дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Хусусан, “Фарғона вилоятининг Учкўприк, Ўзбекистон, Данғара, Қўштепа, Тошлоқ, Фарғона туманлари ва Қўқон, Марғилон, Фарғона шаҳарлари чегараларини ўзгартириш тўғрисида”ги масала шулар жумласидандир.

Таъкидланганидек, Фарғона вилояти шаҳар ва туманларининг чегараларида муаммоли масалалар мавжуд бўлиб, бу эса ушбу ҳудудларда истиқомат қилаётган аҳолига турли ноқулайликлар ва қийинчиликларни келиб чиқармоқда.

Жумладан, Фарғона вилоятининг Қўқон, Марғилон ва Фарғона шаҳарлари таркибидаги ҳудудларда яшовчи аҳолининг аксарият қисми шаҳарлардаги ижтимоий соҳа (мактаб, боғча, касалхона) муассасаларига қатнашига тўғри келмоқда.

Шу билан бирга, муҳандислик-коммуникация тизимлари, яъни электр тармоқлари, табиий газ, ичимлик суви таъминоти корхоналари ҳам шаҳарлар ҳудудидан тортилган бўлиб, Қўқон, Марғилон ва Фарғона шаҳарлари таркибига ўтказилаётган ҳудудларга ушбу корхоналар томонидан хизмат кўрсатилмоқда.

Бундан ташқари, Қўқон, Марғилон ва Фарғона шаҳарларида аҳоли жуда зич жойлашганлиги сабабли, шаҳарларни ривожлантириш, уларнинг ҳудудини янада кенгайтиришда муаммоли масалалар юзага келмоқда.

Дастлабки муҳокамалар жараёнида Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманидан, Данғара туманидан, Учкўприк туманидан жами 2,6 минг гектар ер майдони Қўқон шаҳри таркибига, Фарғона туманидан, Қўштепа туманидан, Тошлоқ туманидан жами 1,1 минг гектар ер майдони Марғилон шаҳри таркибига, Фарғона туманидан 812 гектар ер майдони Фарғона шаҳри таркибига ўтказилиши кутилаётгани айтиб ўтилди.

Бундан ташқари, Қўмита мажлисида “Наманган вилоятининг Тўрақўрғон тумани ва Наманган шаҳри Давлатобод тумани, шунингдек Наманган шаҳрининг чегараларини ўзгартириш тўғрисида”ги масаласи ҳам муҳокама қилинди.

Унда Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманидан 472,2 гектар ер майдонини Наманган шаҳри Давлатобод тумани таркибига ўтказиш ва ўтказилган ер майдони ҳудудида “Янги Наманган шаҳарчаси” комплексини барпо этиш таклифи илгари сурилди.

Муҳокамалар жараёнида, барпо этилаётган шаҳарча ҳудудида турар-жой, ижтимоий  объектлари, шунингдек олий таълим муассасаси, бизнес-марказлари, кинотеатр, маданият маркази, меҳмонхона, IT парк, санъат галереяси ҳамда
68 гектар майдонда “Янги Ўзбекистон” боғини барпо этиш маълум қилинди.

Мажлис сўнггида кўрилган масалалар юзасидан Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

 

«Халқ сўзи»,
Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер