Фарғона бокс мактаби — умидли чемпионлар маскани

07:25 01 Март 2022 Спорт
1192 0

Фото: Халқ сўзи

Хабарингиз бор, шу йилнинг 22-27 февраль кунлари Болгария пойтахти — София шаҳрида бокс бўйича нуфузли «Странжа» халқаро турнири бўлиб ўтди. «Кичик жаҳон чемпионати» сифатида эътироф этиладиган мазкур турнирда жаҳоннинг 37 мамлакатидан 370 нафардан зиёд чарм қўлқоп усталари иштирок этди.

Ўзбекистон терма жамоаси мазкур турнирда 8 нафар эркак ва 5 нафар аёл боксчи билан қатнашди. Қувонарлиси, мусобақа якунида терма жамоамиз 6 та олтин медаль билан умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритди.

Фарғона бокс мактаби тарбияланувчиси Лазизбек Муллажонов халқаро турнирда олтин медалга сазовор бўлган спортчиларимиздан бири. У мусобақада +92 кг вазнда Украина, Россия, Қозоғистон шарафини ҳимоя қилиш учун рингга чиққан рақибларини енгиб ўтиб, финалда германиялик чарм қўлқоп устаси Нелви Тиафак устидан ишончли ғалабага эришди.

— Лазизбек 2017-2021 йиллар мобайнида бир неча маротаба Ўзбекистон чемпиони бўлди, кўплаб халқаро турнирларда шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди, — дейди чемпионнинг устози Алишер Тўйчиев. — Фарғона вилояти спорт яккакурашлари бўйича ихтисослашган болалар ва ўсмирлар спорт мактабида Лазизбек сингари кўплаб умидли боксчи ёшларни тарбиялаяпмиз. Айтмоқчиманки. Мактабимизда Лазизбекнинг издошлари кўп. Асосий мақсадимиз ҳам Фарғона бокс мактабининг муносиб ворисларини тарбиялашга қаратилган.

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер