Фарғона бўйлаб “Депутатлар боғи” ташкил этилмоқда

14:09 25 Ноябрь 2021 Жамият
225 0

Фото: "Халқ сўзи"

Мамлакатимизда қизғин давом этаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги “Долзарб 40 кунлик” тадбирларида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар депутатлари ҳам ташаббус ва фаоллик кўрсатмоқда. Буни Фарғона вилояти бўйлаб “Депутатлар боғи” ташкил этилаётгани мисолида яққол кўриш мумкин.

Жумладан, Ўзбекистон тумани ахборот-кутубхона маркази ҳамда туман ҳокимлиги биноларига туташ майдонда маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳудуд иқлим шароитига мос  манзарали ва мевали дарахт ҳамда гул кўчатларини экиб, мўъжазгина боғ яратдилар.

Ёзёвон тумани “Хонобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 70 сотих майдонда аҳоли учун сўлим дам олиш маскани бунёд этиш режалаштирилган бўлиб, халқ вакиллари мазкур масканни ободонлаштириш ва манзарали кўчатлар экиш ташаббуси билан чиқдилар. Тез орада бу ерда ҳам “Депутатлар боғи” барпо этилади.

– Эртага қиёмат десалар ҳам кўчат эк, дейишлари бежиз эмас, зотан, ниҳол қадаб, боғ яратиш халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган, -дейди Халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгаши котибияти мудири Нафиса Элчиева. – Депутатларимиз ҳам “Яшил макон” лойиҳасини рўёбга чиқаришда астойдил намуна кўрсатишаётгани қувонарли, албатта. Нафақат кўчатларни қадаш, балки келгусида ниҳолларнинг илдиз отиб, бўй чўзиши, серсоя ва серҳосил дарахтларга айланиши ҳам масъул қилиб бириктирилган депутатлар эътиборида бўлади.

                                                                         Ботир Мадиёров, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?